ЯНГИ МАДАНИЯТ МАРКАЗИ
туман аҳолиси мириқиб дам оладиган маскан бўлади
“Ёшлар боғи”да Давлат дастури асосида қурилаётган ушбу замонавий бинони “Мароқанд Бунёдкор қурилиш” МЧЖ фирмасининг қўли гул қурувчилари бунёд этишмоқда.
- Бинонинг асосий қисми тайёр бўлди, - дейди иш бошқарувчи Камолжон Саидов.
- Айни пайтда бино ичидаги мавжуд хоналарнинг пардозлаш ишларини амалга ошираяпмиз. Шу кунларда 30 нафардан ортиқ тажрибали қурувчиларимиз иш бошқарувчи Ражаббой Мардиев бошчилигида ғайрат билан меҳнат қилишмоқда.
Бу бино қурилишида вилоятимизнинг ҳамма туманларидан ўз касбининг моҳир устаси бўлган қурувчилар иштирок этишган.

- Ҳамкасбларимиз билан Ургут туманидан келганмиз, - дейди қурувчи Анвар Турсунбоев. – Вагон-уйларда яшаб ишлаяпмиз. Қурилиш фирмаси томонидан биз қурувчилар учун ҳамма шароитлар яратиб берилган . Шу боис ишимиз унумли ва сифатли бўлмоқда.
- Таъминотчилар томонидан қурилиш материаллари ўз вақтида етказиб берилмоқда, - дейди иш бошқарувчи Камолжон Саидов. - Шу сабабли ишимизда унум бўлмоқда. Қурувчиларимизнинг шашти баланд. Маданият маркази биносининг рамзий калитини “Наврўз” байрами арафасида топширишга бел боғлашган.
Раббим ҲОТАМОВ.