“Ватан дебочаси - маҳалладир”.
“Ватан маҳалладан бошланади”, деган ибора бугунги кунимизнинг ҳар жабҳасига тўғри келади. Айниқса тарбия ва таълим масалаларини шу маҳалла ўчоғидан бошлаш Ватан равнақига юксак ҳисса қўшадиган ёш авлодни етиштириш кафолатидир.
Табиат мавжудотлари ичида инсонгина ақлу-фаросат, онг ва тафаккур ато этилди. Шу неъматлар воситасида у илму-маърифатнинг юксак чўққиларини ҳам забт этиш қудратига эга бўлди. Ақлу-фаросат, илм-маърифат кучи эса инсонни ибтидоий ҳаётдан то бугунги юксак ривожланган технологиялар давригача олиб келди. Демак, у тафаккур кучи билан замонлар сиёҳини ҳам ўзгартириб бораверади. Еру-осмон эса фақатгина ўз Холиқи изнида айланаверади.
Инсон ўз замонига, давр воқеликларига мослашиши бирламчи қарашдир. Аслида унинг гарданида ўтмишдан сабоқ ва хулоса чиқариб, ижтимоий ва маърифий ҳаётнинг теран ва тиниқ ўзани забт эта олиш масъулияти бор.
Ватанимиз тарихи, аждодларимиз кўргуликларини унутишга ҳеч биримизнинг асло ҳаққимиз йўқ!
Туркистонни парча-парча қилганлар бор,
Четдан келиб миллатимни қирганлар бор.
Бўлиб-бўлиб етмиш йиллаб еганлар бор,
То қиёмат бирлашмасин, деганлар бор.
Ҳушёрроқ бўл, кимлар билан бормоқдасан!
Қара бола, кимдан сабоқ олмоқдасан!
Омонат, қайтарилмас неъмат, беназир имкониятимиз бўлган азиз умримизни шунчаки кун кўриш даражасидаги тубанлик билан алмаштирмаслигимиз керак. Нафс балосига гирифторлик охир-оқибат фақатгина таназзулга сабаб бўлган. Тарихда ҳам, ҳатто шу замонимизда ҳам бунга мисоллар кўп...
Инсонни тарбия-таълимчалик улуғлайдиган, азизу мукаррам қиладиган бошқа восита йўқ. Таълим - илм, тарбия эса маърифатдир.
Ҳаёт инсонларни жамоа шаклида, бирлашиб яшашни тақозо қилади. Якка ҳолатда ҳеч ким бу тўсиқни ошиб ҳам ўтолмайди. Ота-боболаримизнинг ютуқ ва камчиликларидан ўзимизга тегишли хулоса чиқариб, инсон номига муносиб ҳаракатлар билан келажакка пешвоз юришимиз бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Инсон ҳаёти бир неча босқичларни қамраб олган. Аждодларимизнинг “Бешикдан қабргача илм изла” деганларига кўра, ҳатто чақалоқ ҳам зийрак кўзлари билан атрофга боқиб, ҳаёт ҳақидаги илк таассуротларини ола бошлайди. Шу тариқа инсоннинг бутун умри ўрганиш, тушуниш, фикрлаш жараёнида ўтади. Биз буни таълим-тарбиянинг узвий ўзанига қиёслаймиз. Инсон жисмига сув, ҳаво, озуқа қанчалик зарур бўлса, руҳига, маънавий камолотига тарбия-таълим ундан-да зиёдроқ бўлган заруратдир.
Шукрки оёғимиз остида муқаддас замин, бошимиз узра бепоён осмонимиз бор. Ҳар бир одам яхшиликларига мукофот, ёмонликларига вақти келиб жазо олиши муқаррар. Бу адолатнинг олий мезони дейилади. Аммо унутмайлик, асли инсон эзгуликка, илм-маърифатга буюрилган ва шу йўлни тутгандагина турли номаъқулликлардан ҳимояланган бўлади.
Бу дунёга келмоқлик ҳам Худодандир,
Элда азиз бўлмоқлик ҳам Худодандир.
Юрт ишқини қалбга жойлаш иймондандир,
Элу-юртга подшолик ҳам Худодандир.
Нафсим десанг икки дунёнг гумондадир,
Қара бола, қайси йўлдан бормоқдасан?!
Ўйла бола, кимдан сабоқ олмоқдасан?!
Бугунги кунда ёшлар тарбия-таълимига давлатимиз, хусусан ҳурматли Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан катта эътибор берилаётгани умидларимизни юксалтирмоқда.
Келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимизнинг маънавияти ва маърифати, онги, билим даражаси, тафаккур дунёси кенг бўлиши - миллат бахтидир.
Тарбия ва таълим инсон ҳатто ухлаганда ҳам унутолмайдиган муқаддас бурч. Бу соҳада энг ишончли тизим сифатида маҳалла фаолияти эътиборга яқин. Оилаларни маҳалла атрофида жипслаштириш, амалий жиҳатдан “бир болага етти қўшни ота-она” нақлига риоя қилиш вақти келди. Ўз олдимизга қўйган қатор мақсадларимизни амалда қўллаш учун МФЙга бир неча қўшимча штат бирликлари жуда жуда зарур ва уларни адолатли равишда аҳоли ичидан муносиб вакиллар сайланишини йўлга қўйиш жуда-жуда муҳим. Маҳалла штат бирликларида фаолият олиб борувчи ҳар бир лавозим эгаси (профилактика назоратчисидан ташқари), турли гуруҳбозлик ва адолатсиз сайлов тартибидан холи бўлиши мақсадлар рўёби учун энг муҳим восита эканлигини унутмайлик!
Абдусалом ҒАФФАРОВ,
нафақахўр.