Ватан! Ватан туйғуси. Бу ном аслида нима? Бу икки сўзда қандай сеҳрли қудрат яширинганки, ҳали вояга етмаган, дунё кўрмаган, ўйин-у-шўхликлардан ўзга дарди бўлмаган ўсмирнинг юрагига жо бўлса... Ўзи Ватан деганда нима тушунилади? Туғилиб ўсган уйимизми? Ёки билим олаётган мактабми? Ўйлашимча, буларнинг ҳаммаси бирлашиб Ватан тимсолини яратса керак!..
Мен мактабда таҳсил оляпман. Шундай бўлсада, ўқиб-ўрганганинг сари Ватанни чуқурроқ қадрлаб борар экансиз. У ҳақидаги тасаввурингизкенгайиб бораверар экан. Киндик қоним тўкилган ўлка мен учун жуда қадрли. Ўйлашимча, Ватан менсиз яшаши мумкин, мен Ватансиз яшай олмайман.
Катталардан эшитганим, юртимизни севиш ва уни амалда намоён қила билиш унчалик ҳам осон иш эмас экан. Бу инсондан катта жасорат, бардош, чидам талаб қилади. Энг қизиғи, Ватан фарзандларидан ҳар соҳада жон фидо қилмоқни талаб этмайди. Аммо, фавқулодда ҳолатлардаги фидокорлик энг юксак фидокорликдир.
Назаримда, Ватан йўлида бир иш қилмоқни ният қилган одам аввало, тарих зарварақларида муҳрланиш ўйларидан йироқда туриши керак. Чунки, шоир айтганидек –аввал, ишни қойил қилмоқ керак, шон-шуҳрат эса кейин бўлишиб олинаверади.
Шу ўринда бир сўзни айтишни жоиз деб билдим, Ватан равнақи йўлидаги ишлар бировнинг кўрсатмаси билан тасдиқланган рўйхат бўйича қилинмайди. Ҳар бир киши ўз ақлига таяниб, ўз қалби амрига кўра, имкони бор даражада Ватан йўлидаги ишларни қилади.
Инсонга ота-онани танлаш имкони берилмагани каби Ватанни ҳам танлай олмайди. Унга муҳаббат эса бизга берилган энг улуғ неъматдир.
Биз барча халқларга би родармиз, лекин, ҳеч кимнинг олдида тили қисиқ жойимиз йўқ. Шу сабаб, шоир айтганидек: “Қайга борсам ғоз юрарман, бошда дўппи гердайиб...”, дейишга асосимиз бор.
Севинч БЕГАЛИЕВА,
54-умумтаълим мактабининг 11-синф ўқувчиси.