Педагогика ва спорт коллежида “2018 йилда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури”нинг 49-банди ижросини таъминлаш мақсадида “Махаллаларда аҳоли ўртасида маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш тартиби” мавзуидаги ўқув-семинар бўлиб ўтди.
Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Т.Хўжамуродов жамоатчилик назорати комиссияси аъзолари ўқув-семинар мавзусига оид маълумотларга эга бўлиши кераклигини айтиб ўтди. Маҳалла билан ҳамкорликда иш олиб бориб, ёшларни миллий истиқлол, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш бош мақсад экани айтилди. Юртбошимиз томонидан китобхонлик маданиятини ошириш, рағбатлантиришга эътибор қаратилаётгани, буни жойларда тарғиб этиш лозимлигига тўхталди.
Ўқув-семинарда сўзга чиққан Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи туман бўлими раиси ўринбосари А.Маллаев Юртбошимиз сўзларидан мисоллар келтириб, маънавият, халқимизга хос инсонийлик фазилатлари, биродарлик тушунчаларини тарғиб этишда фуқаролар билан суҳбатлар олиб бориш уларни салбий оқибатлардан қайтаришда қўл келиши айтди. Бунинг учун, аввало, вакиллар ўз вазифасига масъулият билан ёндашиши, етарлича билимга эга бўлиши лозимлиги алоҳида тилга олинди.
Йиғилишда ёш қизларнинг мактаб, коллеждаги кийиниш, муомала маданияти, телефондан фойдаланишнинг салбий жиҳатлари танқид остига олинди. Янги уйга келин бўлиб тушганда ҳам юқорида айтиб ўтилганларга мойиллиги туфайли оилавий жанжаллар, ажримлар ортишига сабаб бўлаётгани айтилди.
Кейинги масала тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш бўлиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди, муаммо ва таклифлар тингланди.
Сўнг, маърифат тушунчаси хусусида ҳам сўз борди. Маданиятли ва маърифатли кишилар кўп бўлса, амалий ишлар натижа бериши, бунга ёши улуғ кишиларни жалб этиш борасида сўз юритилди. Тушунтириш ишлари хусусида гапирилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси О.Саттаров, маҳалла ёшлари ўртасида тадбирларни ташкил қилиш, миллий фильм, дам олиш дастурларини намойиш этиш ёшлар тарбияси, дунёқараши ва маънавиятига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлади. Шунингдек, нохуш ҳолатларнинг олдини олишда эътиборли, бошқаларга шахсий намуна бўлиш лозимлиги тавсия қилинди. Бундан ташқари, телефон, интернетдан тўғри фойдаланиш, диний мазмундаги маълумотларни эса фақатгина тегишли идораларнинг расмий сайтларидан олиш мумкинлиги маълумот ўрнида келтирилди.
Тадбир сўнгида эса, МФЙ раислари ҳам сўзга чиқиб, савол-жавоб ўтказилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини аниқлаб, уларга ёрдам кўрсатиш, оилавий тадбиркорликка кўмаклашиш кераклиги гапирилди. Маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий саводхонлик тадбирлари слайдлардан фойдаланилган ҳолда ўтказилиши бўйича келишиб олинди.
Шунингдек, маҳаллаларда ўқув-семинарини давом эттириш, маънавий-маърифий тадбирларни ўтказиш белгилаб олинди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.