Вирусли гепатит “А” - юқумли қасаллик бўлиб, бунда вирус жигар ҳужайраларини зарарлайди. Касаллик вирус билан зарарланган сув ва озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилиш натижасида оғиз орқали юқади.
Вируслар беморларнинг нажаси, пешоби, сўлаги, қусуғи, нафас йўлларининг шилимшиқ суюқлиги орқали ажралиб чиқади. Бемор фойдаланган идиш-товоқлар, чойшаб, ёстиқ жилди, кийим-кечаги, ўйинчоқлари, сўрғичлари, ҳожат туваклари ва бемордан қолган овқат қолдиқлари ҳам вирус билан зарарланади.
Касалликнинг юзага келишига тозаликка риоя қилмаслик, яъни овқатланишдан олдин қўлларни совунлаб ювмаслик, мева ва сабзавотларни ювмасдан истеъмол қилиш ҳамда қайнатилмаган сувни ичиш сабаб бўлади. Шунинг учун касаллик кўпроқ болаларда учрайди. Пашшалар танасида миллионлаб касаллик қўзғатувчи микробларни, шунингдек гепатит вирусларини (турли хил ахлат ва нажасларга қўниши оқибатида) ташийди.
Дастлаб вирус организмда кўпаяди, дард клиник белгиларсиз кечади ва бу касалликнинг "яширин даври" дейилади. Бу давр гепатитнинг А турида 3-6ҳафтагача давом этиши мумкин.
Иситманинг кўтарилиши, иштаҳанинг йўқолиши, кўнгил айниши, овқатлангандан кейин қусиш касалликнинг илк белгилари саналади. Кейин касаллиқнинг "сариқлик даври" бошланади. Бунда кўзнинг шиллиқ қавати, тери сарғая бошлайди. Сарғайиш даври 1-2 ҳафтагача давом этади.
Касалликнинг бошланғич даврлари ва яққол сариқлик белгиларисиз турларида бемор атрофидагилар учун айниқса хавфли бўлади. Касалликни уй шароитида ўз билганича даволаш асло мумкин эмас.
Беморга баданидаги сариқликўтиб кетгунча, одатдагидан кўра кўпроқ суюқлик ичириш керак. Унга газланмагансув, наъматак дамламаси,унча ширин бўлмаган компотлар, оддий қайнатилган сув ичириш тавсия этилади. Бунда болага сотувдаги турли рангли, ширин ичимликлар (кока-кола, фанта ва бошқалар) ни бериш мумкин эмас.
Беморга қайнатиб ёки буғда димлаб пиширилган таомлар бериш лозим. Қовурма таомлар, думба, чарви каби ҳайвон ёғларидан тайёрланган таомларни истеъмол қилиш мумкин эмас.
Касаллик юкмаслиги учун: овқатланишдан олдин ва ҳожатдан сўнг қўлларни совунлаб ювиш, мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилиш,фақат қайнатилган сувни ичишга одатланиш, ҳожатхоналарни ошхона ва умумий хоналардан камида 25 метр узоқликда қуриш, ҳожатхоналар тешигининг қопқоқли бўлишига аҳамият бериш ва хлорли оҳак билан доимо зарарсизлантириб тўриш, пашшалар кўпайишига йўл қўймаслик,озиқ-овқат маҳсулотлари ва истеъмол қилинадиган сувни очиқ қолдирмаслик лозим.
Болаларда қўл, ўйинчоқ ва бошқа турли нарсаларни оғизга солиш, қўлни сўриш, тирноқларни тишлаш каби хунук одатлар шаклланишига йўл қўймаслик керак. Гепатит А га қарши фарзандингизни эмлатишни унутманг!
Касалликдан сақланиш ўзимизга, шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ амал қилишимизга боғлиқ. Агар касаллик аломатлари сезилса, дарҳол шифокорларга мурожаат қилиш шарт.
Раҳматулла ЙЎЛДОШЕВ,
ТТБ юқумли касалликлар шифокори.
Фотима ҒУЛОМОВА,
ТТБ КТМП қошидаги
“Саломатлик маркази” шифокори.