Ҳайвонларнинг бруцеллёз (қораоқсоқ) касаллиги табиатда кенг тарқалган. У инсон ва ҳайвонлар учун умумий бўлган зооантропоноз касаллик ҳисобланиб, ҳайвонларда оммавий бола ташлаш, қисир қолиш, маҳсулдорликнинг камайиши, ёш молларнинг яшовчанлиги пасайиши билан, баъзан эса клиник белгиларсиз кечади. Касаллик инсонларда ҳам оғир асоратлар билан кечади, асосан таянч тизимини зарарлаб, ҳатто ногиронликка ҳам олиб келиши мумкин.
Касаллик қўзғатувчиси бруцелла гуруҳига мансуб микроблар бўлиб, унинг типи кўпроқ ўрганилган қорамол, чўчқа, кемирувчилар, қўчқорлар ҳамда итлар бруцеллалари. Буларнинг энг хавфлиси қўй-эчкиларнинг бруцелласидир. Кейинги йилларда кит ва делъфинларда, тюленъ ва моржларда ҳам бруцеллаларнинг янги типлари аниқланган.
Табиий шароитда ҳайвонлар асосан бруцеллёз қўзғатувчиси билац зарарланган ем-хашак ёки сув, кўз ва бурун бўшлиғининг шиллиқ пардаси орқали, шунингдек, жароҳатланган тери ҳамда ҳайвонларни уруғлантиришда ветеринария-санитария қоидаларига риоя қилинмаганда касаллик юқади. Энг хавфлиси, касал моллар бола ташлаш вақтида ўзидан жуда кўп миқдорда бруцелла микробларини ташқи муҳитга ажратади ва атрофдаги ем-хашак, сув, чорвачилик асбоб-ускуналарини зарарлантиради. Касалликнинг яширин даври бир ой ва ундан ҳам кўпроқ давом этади. Касаллик кўпинча клиник белгиларсиз ўтади, яъни ҳайвонда ҳеч қандай ноодатий белгилар кузатилмайди. Аммо касалликнинг асосий клиник белгиларидан бири - бруцеллёз билан касалланган сигир ва ғунажинлар кўпинча бўғозлик даврининг 5-7 ойлигида бола ташлайди (аборт). Бундан ташқари, буқа ва қўчқорларда орхит белгилари кузатилади. Бу эса ўз навбатида касалликнинг инсонларга юқиш хавфини кучайтиради. Мазкур ҳолатда ҳайвон эгалари тамонидан албатта, ҳудудий ветеринария участкаси мутахассисларига мурожаат қилишини ва улар тамонидан бруцеллёз касаллигига қарши махсус ветеринария-санитария тадбирлари амалга оширилиши зарур.
Тиббиётнинг ҳозирги тараққиётига қарамасдан ҳанузгача қатор ривожланган давлатлар ва мамлакатларда ҳам ушбу касаллик инсонлар орасида учраб турибди. Касалликинсонларга ҳайвонлар ва чорвачилик маҳсулотларидан ўтишини ҳисобга олсак, масаланинг нақадар долзарблиги аён бўлади. Чунки, аҳоли томонидан гўшт ва сут маҳсулотларига бўлган талаб кундан кунга ортиб бормоқда.
Яқин яқинларга қадар инсонларнинг касалланиши бевосита касал ҳайвонлар билан яқин алоқада бўлишидан, деб ҳисобланар эди. Аммо бугунги кунда бу касаллик ҳайвонлар билан умуман алоқадор бўлмаган инсонлар орасида ҳам учраяпти. Сабаби, инсонларнинг чорва маҳсулотига бўлган талабини қондириш мақсадида, айниқса, шаҳар ҳудудларида кўча-кўйда сут маҳсулотлари билан савдо қилувчи тадбиркорлар орқали ветеринария кўригидан ўтказилмаган маҳсулотларининг харид қилинишидир. Айниқса, бу баҳор ойларида - организмда юқумли касалликларга қарши курашувчи иммун тизимининг кучсизланиши кузатиладиган пайтда жиддий тус олади. Бундан ташқари, баҳорги қўй-эчкиларниқўзилатиш (тўл) даврида касалликни тарқатиш ва юқтириб олиш хавфи кучаяди. Чунки, бу мавсумда ёшлар ва хотин-қизларнинг иштирок этиши кузатилади.
Касалликнинг олдини олиш йўли - бу қарамоғимиздаги уй ҳайвонларини доимий ҳудудий ветеринария мутахассислари кўригидан ўтказиб бориш, бруцеллёз касаллигига қарши йилига камида бир марта (соғин сигирлар икки марта) серологик текширилиши ҳамда зарур ҳолларда эмлаш тадбирларини ўтказишдан иборатдир.
Ёдда тутинг! Кўча-кўйда тегишли ветеринария маълумотномасисиз сотилаётган сут маҳсулотларини сотиб олмаслик, сотувчидан, албатта, тегишли ветеринария хулосасини сўраб олиш, хом сут маҳсулотини истемол қилмаслик; гўшт маҳсулотларини кичик бўлакларда бир соатдан кам бўлмаган термик ишлов бериш каби оддий қоидаларга доимо риоя килинг!
Мана шу оддий қоидаларга амал қилишингиз сизни ва оила аъзоларингизни, айниқса болаларни бруцеллёз касаллигидан сақлашини унутманг.
Азамат УЛУҒМУРАДОВ,
Ветеринария илмий-тадқиқот
институти кичик илмий ходими.
Шохруҳ АШУРОВ,
туман ветеринария бўлимининг
ҳайвонлар соғлигини ҳимоя қилиш
бўйича мутахассиси.