Истиқлол туфайли халқимиз ўзининг ўтмишини ўрганишга, муқаддас ислом дини қадриятларини билишга эришди. Ислом дини инсонни ҳушёрликка, яратувчилик меҳнати билан яхши из қолдиришга даъват этади. Меҳр-шафқатга, одоб-ахлоққа, сабот-матонатга, қийинчиликларга чидашга, шукроналикка, миллатлар ўртасидаги дўстликка чақиради. Қисқаси, маънавий ва миллий маданиятимизга улкан ҳисса қўшиб келаётган таълимот сифатида илм-фан, маърифат ва маданиятнинг ривожланишида ислом динининг муҳим ролини эътироф этиш лозим. Қадимдан диний уламолар, мактаблар, мадрасалар, диний дорилфунунлар қурдириб, саводхонлик учун йўл очганлар. Улардан дунёга машҳур мутафаккир, олим боболаримиз етишиб чиккан. Аммо ҳамма вақт ҳам гуруч курмаксиз бўлавермайди экан...
1977 йилда Ургут туманида туғилган, 3 нафар фарзанднинг онаси Ботирова Адиба Зикруллаевна (исм-шарифи ўзгартирилган) мамлакатимизда мўмин-мусулмонлар учун яратилган имкониятларни, уларнинг диний илм олишлари, ўқиб-ўрганишлари учун яратилган шарт-шароитларни менсимади ёки билиб-билмай оёқости қилди. Оқибатда, у суднинг қора курсисида ўтириб, юзи шувит, маҳалла-кўй орасида беобрў бўлди.
Маълум бўлишича, Адиба ёшлигидан қизиқиши боис, араб тилини ўрганишга киришган. Сал-пал савод чиқаргач эса қишлоқда бўладиган тўй-маъракалар ва бошқа диний маросимларда отинойилик қилиб келди. Қолаверса, ҳеч қандай диний маълумотга эга бўлмай туриб баъзи кимсаларга диний таълимотдан сабоқ ҳам бериб келди.
«Кўза кунда эмас, кунида синади» деган пурҳикмат нақл бор халқимизда. Буни қарангки кун келиб унинг ҳам кўзаси синди. Барча қилган ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун Адиба суд олдида жавоб беришга мажбур бўлди.
Айтиш жоизки, қонун устувор бўлган мамлакатимизда ҳамиша адолат таъминланган. Ботирова Адиба Зикруллаевнага ҳам инсонпарварлик, адолат таъмойиллари қўлланилди. Унинг норасида фарзандлари борлиги, оилавий аҳволи ва қолаверса, ўз қилмишидан пушаймон эканлиги инобатга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистан Республикаси МЖтКодексининг тегишли моддаси қўлланилиб жазо тайинланди.
Азалдан шундай бўлиб келган: ҳар ким ҳаётдан ўзича хулоса чиқаради, ўз умр йўлларини ўзи белгилайди. Энди қайси йўлдан бориш.ҳам Адибанинг ўзига ҳавола.
Пўлат ҒАФФОРОВ.