Мамлакатимизда халқ турмушини фаровонлаштириш, бекам-кўст яшаши учун зарур шароитларни яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Бу ишлардан депутатлар ҳам четда қолмаслиги, ўзига ишонч билдириб сайлаган сайловчиларининг ҳаётини гўзаллаштириш, муаммоларини бартараф этишга ҳисса қўшиши лозим.
Мен ҳам ўз сайлов округимда халқ турмушида учраётган муаммоларни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли идораларга мурожаат этиб, камчиликларни бартараф қилишга интилаяпман. Жумладан, “Чангал-1” ва “Булунғурариқ” МФЙлар аҳолиси суюлтирилган газ баллонлари таъминотида узилишлар бўлаётганлиги бўйича ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.Туманлараро 2-сонли газ таъминоти Булунғур участкаси раҳбарияти билан ҳамкорликда бу муаммо ижобий ҳал этилди, аҳолига суюлтирилган газ баллонлари ўз вақтида етказиб берилиши йўлга қўйилди. Шунингдек, Килдон ва Улуғбек агрофирмалари экинзорларининг оқава сувлари Чангал ва Қирқ қишлоқлари аҳолиси томорқаларини кўллатиб, уйларини захлатиб юбораётганлиги бўйича шикоят келиб тушгач бу муаммони ижобий ҳал этиш юзасидан “Давсувмахсуспудрат” давлат унитар корхонаси раҳбари номига депутат сўрови жўнатилди. Бугунги кунда шу асосда лойиҳа-смета ишлари бажарилиб, муаммони бартараф этиш режалаштирилаяпти.
Булунғур шаҳридаги темир йўл кўприги фуқароларнинг бир томондан иккинчи томонга ўтишига имкон берувчи йўл бўлиб, унинг антисанитария ҳолати хунук манзара ҳосил қилаяпти. Бу масала юзасидан туман ҳокимининг ўринбосари Ш. Синдоров номига шу йил 15 май куни 17-депутат сўрови берилган бўлса-да, ҳалигача жавоб олинган эмас. Ҳолбуки,”Маҳаллий Кенгашларга сайлов тўғрисида”ги Қонунга асосан депутат сўрови олган раҳбар 10 кун ичида депутатга тегишли тартибда жавоб бериши лозим. Бироқ, туман ҳокимининг ўринбосари Ш. Синдаровдан ҳануз тегишли жавоб олингани йўқ.
Депутат сайловчилар билан яқин мулоқотда бўлса уларга қандай ёрдам зарурлигидан бохабар бўлади. Мен ҳам сайловчилар билан ўтказилаётган учрашув-мулоқотларда уларнинг муаммоларини ўрганиб, саволларига жавоб топишга интилиб, уларга томорқа хўжалиги ва чорвачилигини ривожлантириш юзасидан тавсиялар бериб бораяпман. Бу ҳам сайловчилар турмуш тарзини юксалтиришга кўмаклашади.
Саттор БОЗОРОВ,
23-Жаманжар сайлов округида
ЎзХДПдан сайланган халқ депутатлари
туман Кенгаши депутати.