Халқнинг яшаш шароити билан танишишни истасанг бозорга бор. Бозорда тўкинчилик, арзончилик бўлса, демак халқ фаровон ҳаёт кечирмоқда. Минг шукурки, туманимизда ҳам “Деҳқон бозори”да тўкинчилик, арзончилик. Бозордан неки истасанг топасан, савдолашиб харид қиласан. Тўғриси, бозорда олди-сотди билан шуғулланиб, рўзғор тебратаётганлар ҳам анчагина. Пандемия туфайли туманимиз марказидаги “Деҳқон бозори”га кираверишда “Дезинфекцион туннел” ўрнатилган. Ижтимоий масофани сақлаш мақсадида йўлаклар чизилган, ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчаниб, сўнгра ичкарига рухсат берилмоқда. Бозор ичкарисида ҳам турли хил озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиш билан шуғулланаётганлар расталардаги маҳсулотларини ҳимоя воситалари билан таъминлашган. Бироқ, биз бугун бу “Деҳқон бозори” ҳақида эмас, бозорнинг ғарб томонидаги яқиндан буён ташкил топган “Оптом бозор” ҳақида сўз юритмоқчимиз.
“Оптом бозор” асосан эрта тонгдан пешингача давом этади. Бу бозорда маҳсулотлар чакана сотилаётганлиги боис янада арзон. Бозорда помидор, бодринг, саримсоқ пиёз, шафтоли, булғор қалампири, бақлажон, узум, карам, қовун-тарвуз, сабзи-пиёз, шолғом, қалампир, қўйинг-чи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг деярли барчасини топишингиз мумкин. Бу ҳам бўлса ҳалқимиз учун қулай. Маҳсулот қанчалик кўп бўлса, арзончилик бўлади, талашиб-тортишиб савдо қилиб оласан. Бунга эътирозимиз йўқ. Бироқ... озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги таъминланмаган. Бу бозордаги ҳеч бир маҳсулот ветеринар кўригидан ўтказилмайди, сифати текширилмайди. Даладан қандай келтирилса шундайлигича савдога чиқарилади.“Деҳқон бозори”да ҳам худди шундай маҳсулотлар ҳар куни сотувга чиқарилади. Бу маҳсулотлардан намуналар олиниб, бозор ҳудудида жойлашган ветеринария лабораториясида махсус техник ускуналар ёрдамида яроқлилиги текширилиб, сўнгра сотувга рухсат берилади. “Оптом бозор”да эса маҳсулотларни назоратдан ўтказувчи мутахассислар йўқ. Санитария ҳолати ҳам арзирли даражада эмас. Энг ачинарлиси “Оптом бозор” да кириш-чиқиш эшиклари йўқ. Атроф ўралмаган. Харидорлар ва сотувчилар карантин талабларига амал қилишмайди. Тана ҳарорати ўлчанмайди, оралиқ ижтимоий масофа сақланмайди, маҳсулотлар текширилмайди. “Дезинфекцион туннел” ўрнатилмаган. Бу эса бугунги пандемия даврида ўта хавфли. Наҳотки буни харидорлар ҳам, сотувчилар ҳам, назоратчилар ҳам ҳис қилишмаётган бўлишса?
Биз туман “Деҳқон бозори” раҳбари Саадин Ибрагимов билан шу хусусда суҳбатлашганимизда “Оптом бозор” ҳудуди “Деҳқон бозори”га қарашли бўлмаганлиги боис бу ҳудудни назорат қилиш зиммаларида эмаслигини таъкидлади. “Деҳқон бозори” ҳудудига кириб келаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг истеъмолга яроқлилигини текшириб, сўнгра сотувга чиқаришга рухсат берувчи туман ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази Ветеринария Санитария Экспертиза лабораторияси мутахассиси А.Қосимов ҳам суҳбат давомида фақатгина “Деҳқон бозори” ҳудудидаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг сифатини назорат қилишлигини, “Оптом бозор” ҳудуддан ташқарида бўлганлиги боис у ерда сотилаётган маҳсулотларни назорат қилмасликларини билдиришди.
“Оптом бозор” атрофини темир панжаралар билан ўраб, кириш ва чиқиш эшиклари олдига “Дезинфекцион туннел” ўрнатилиб, кириб-чиқувчилар белгиланган барча карантин талабларига риоя қилишлари, маҳсулотларнинг сифати мутахассислар томонидан теккширилиб, яроқли маҳсулотларгагина сотишга рухсат берилса айни муддао бўларди. Умид қиламизки, тез орада соҳага тегишли бўлган раҳбар ва мутахассислар “Оптом бозор” да тартиб ўрнатишади.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.