Йил бошида Хитой давлатида бошланган “COVID – 19” пандемияси кишилар хаёлида фақатгина шу давлат фуқароларигагина тегишлидек туюлди. Бироқ кўришдики, бу вирус шиддат билан дунё бўйлаб тарқала бошлади. Бугунги кунгача бу кўринмас ёв миллионлаб оилаларга ташвиш келтириб, минглаб кишиларнинг ёстиғини қуритишга улгурди. Бу ҳали ҳаммаси эмас, яна қанча давом этиши ҳам гумон.
Ҳозир деярли барча давлатлар раҳбарлари, соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари, ҳуқуқ органлари ходимлари, маҳаллий ҳукумат раҳбарлари ҳамда фуқаролар бу касалликни енгиш учун биргаликда ҳаракат қилишмоқда. ОАВларда бу вирус ҳақида тинимсиз бонг уришмоқда. Фуқароларнинг бир-бирлари билан мулоқотларининг ҳам асоси шу касаллик мавзусида бўлмоқда. Бугун ёши улуғлар у ёқда турсин, ҳаттоки ёш болакайлар ҳам ҳукумат томонидан белигилаб берилаётган чора-тадбирлар, карантин қоидаларига тўла амал қилиш лозимлигини тушуниб етишган. Уларга ҳам бугун гигиеник қоидаларига амал қилиш, кўчага ниқобсиз чиқмаслик, ижтимоий оралиқ масофани сақлаш каби оддий қоидалар бегона бўлмай қолди.
Бироқ орамизда шундай инсонлар борки, улар на масъулиятни ҳис қилишади ва на тартиб-қоидани. Ҳаттоки ўз соғликлари ҳақида ҳам қайғуришмайди. Бугун туманимизда ҳам карантин эълон қилинган бўлсада, мақсадсиз кўчага чиқаётганлар учраб турибди. Кўчада ва жамоат жойларида юрган кишиларнинг аксарияти ниқобни оғиз-бурунга эмас, балки иякка тақишни одат қилишган. Бу билан улар жаримадан қутулиб қолишлари мумкин, лекин ҳаётларини хавф остига қўяётганликларини тушунмаётир. Ҳозир кўпчилик кўришишнинг янги усулини ўйлаб топишган. Улар бир-бирлари билан қўлларини мушт қилган ҳолда муштлашиб кўришишмоқда. Бу ҳолат нафақат фуқароларда, балки нуфузли идораларда ишловчи раҳбарлар ва ходимларда кўпроқ учрамоқда. Наҳотки улар кўришишнинг ҳар қандай усули таъқиқланганлигини билишмаса. Бу билан улар нафақат ўз ҳаётларига, шунингдек атрофдагиларга ҳам хавф туғдиришмоқда. Аҳоли кўп йиғиладиган касалхоналар, банклар, деҳқон бозорларига кираверишда карантин талаблари асосида ижтимоий оралиқ масофа сақланган ҳолда, дезинфекцион туннеллар ўрнатилиб, ҳар бир фуқаронинг тана ҳарорати ўлчаниб, сўнгра ичкарига киришга рухсат берилмоқда. Лекин, дезинфекцион туннелга етгунича одамларнинг бир-бирлари билан оралиқ масофаси 1,5 – 2 метр эмас, балки бир қарич ҳам чиқмайди. Ичкарида ҳам аҳвол шу.
Туман марказидан ҳудудларга қатновчи йўналишсиз таксилар, “Дамас” русумли автомашиналар ҳайдовчилари эса умуман ижтимоий масофага амал қилишмаяпти.
Тартибга амал қилмаётган фуқаролар аввало ўз соғликлари ҳақида қайғуришларини, ҳукуматимиз томонидан ушбу касалликни бартараф этиш учун миллиардлаб маблағ сарфланаётганлигини, соғлиқни сақлаш ҳамда ҳуқуқ органлари ходимларининг меҳнатларини инобатга олишларини истардик.
Мутахассислар маслаҳатларига, белгиланган барча карантин қоидаларига тўла амал қилсаккина бу кўринмас ёв биздан узоқлашиши мумкин. Акс ҳолда...
Тўлқин ШЕРБОЕВ.