“Қўнғирот” маҳалласи “Каттақуёнчи” қишлоғида яшовчи Фармон бобо Аҳмедовнинг яшаб турган уйи нега бузилди..?
“Бировга яхшилик қилиш қўлингдан келмаса, ёмонлик ҳам қилма” дея айтилган ҳақли иборани кўп бора эшитгансиз. Бу сўзларнинг мағзини ҳам чаққансиз. Фуқаронинг яшаб турган бошпанасининг устки том қисми очилиб, эшик-деразалари қиш мавсуми бошланиши олдидан олиб ташланди. Фақат ялонғоч деворлар қолди холос.
Фармон ота маҳалланинг кам таъминланган оилалари рўйхатида турарди, - дейди “Қўнғирот” МФЙ раиси Жамила Турдибекова. – Ўзи саксон ёшдан ўтяпти. Келини Марҳамат Бойхўрозова ҳамда ногиронлиги бўлган набираси Шерзод Фармонов билан бирга яшайди. Айни вақтда ушбу оиланинг ишга яроқли кишиси ҳам мавжуд эмас.
Аслида, уларнинг яшаб келаётган уйининг томидан чакка ўтар, деворлари нураб, харобага ўхшаб қолгани ҳақида маҳалла раисининг гапларидан билиш мумкин.
Бобо ва унинг келини ҳамда набирасининг аҳволи не кечди, улар ҳозирда қаердан бошпана топди экан? Бу саволларнинг жавобини маҳалла раиси Ж.Турдибекова билан биргаликда фуқаро хонадонига борганимизда билиб олдик. У ерда эски ва ташландиқ, деярли бузилиб бўлган уйнинг шундоққина ёнидан янги уй қуриб битказилган экан. Хонадон соҳиблари билан суҳбатлашганимизда хурсандчилигини яшириб ўтирмади.
Маҳалла-кўй ва қўни-қўшниларимга мингдан минг раҳмат, - дейди Фармон бобо миннатдорлигини изҳор қилиб. – Улар биргаликда мана шу уйни тез орада қуриб беришди. Ихчамроқ кўринишдаги хоналар совуқ кунларда тез исийди. Мана, кўриб турганингиздек, янги уйда жонимиз яйраб ўтирибмиз.
Маҳалла вакиллари бош-қош бўлиб, бобонинг яқин қўшниларини ана шундай эзгу ишга чорлади. “Каттақуёнчи” қишлоғи оқсоқоли Аброр Исоқов, қишлоқ фаолларидан Умур Туробов, Алишер Сиддиқов ҳамда Шерзод Сиддиқов биргаликда ҳашар йўли билан янги уч хонали уйнинг асос ва деворини кўтариб, эски уйнинг яроқли тахталаридан фойдаланиб, иккита хонанинг пол қисмини қоқишган, 4 та эшик ва 3 та деразалар ўрнатиб берилган. Бу ишларни амалга оширишда “Қўнғирот” маҳалласи томонидан яна икки нафар уста ёлланиб, қисқа муддатда ниҳоясига етказилибди. Вилоят касаба уюшмалари Кенгаши ҳомийлигида “Кристал Булунғур сервис” хусусий корхонаси томонидан 9 миллион 800 минг сўмлик уйнинг том қисмини ёпиш ишлари амалга оширилган экан.
Энди, Фармон бобо янги уйда иссиқ ўрнида ўтириб, уларнинг ҳожатини чиқариб, роҳатга етишига кўмакчи бўлган маҳалла аҳлининг яхши кишилари учун қўлини дуога очади. Бу каби эзгу ишлар бошқа маҳалла ва қишлоқларда ҳам давом этаяпти. Зеро, ёрдамга муҳтожларга саховат кўрсатиш, яхшилик қилиш бу – савобга элтувчи йўлдир.
Воҳид РОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti” мухбири.
Суратда: саховат ёрдамида янги қуриб берилган уй.