Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 10 октябрдаги “Фермер, Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлашни назарда тутган ҳолдааҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш, сақлаш ва сотишда ҳамда агротехник тадбирларни амалга оширишларида, шартномалар тузишда ҳар томонлама кўмаклашиш аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, мўл ҳосил олиш, томорқада аҳолининг меҳнат билан бандлигини таъминлаш мақсадида туманимизда ҳам “Фозил мингчинор Томорқа хизмати”, “Оқтепа Томорқа хизмати”, “Булунғур Томорқа хизмати” каби “Томорқа хизмати” МЧЖлари жорий қилинди.
“Томорқа хизмати” тузилмаларининг асосий иш фаолиятлари ўз ҳудудларидаги аҳоли томорқаларига экиладиган барча турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг уруғлари, мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари, минерал ўғитлар, техника харажатлари билан, Агробанк, Микрокредит банк ва Халқ банки керакли кредит маблағлари билан таъминлашга масъул қилиб белгиланди..
Шу мақсадда аҳоли томорқасида ўтказилган инвентаризация натижасида 29,065 хонадонда 4,620 минг гектар экин экиладиган ер майдони борлиги аниқланди. Шундан 4588 гектари суғориладиган ер майдонлари бўлиб 486 гектарига пиёз, 1703 гектарига картошка, 227 гектарига бодринг, 511 гектарига помидор, 510 гектарига сабзи, 511 гектарига бошқа сабзавотлар экиш режалаштирилган. Туманимизда аҳоли томорқаларига экиш учун жами 475 тонна сабзавот ва 5109 тонна картошка уруғи талаб этилади. Шундан 247 тонна сабзавот ва 4080 тонна картошка уруғи аҳолининг ўзида мавжуд. Қолган уруғлар эса янги ташкил этилаётган “Томорқа хизмати” орқали етказиб берилади.
Ўтган йил бошидан кўпчилик фуқаролар ўз шахсий томорқаларида 0,05 ва 0,01га майдонларда иссиқхоналар ташкил қилиб анчагина қўшимча даромад олишга эришдилар. Иссиқхона қўшимча даромад манбаи эканлигини тушуниб етдилар. Жорий йилда туманимиздаги 550 та хонадонларда 0,05 ва 0,01 майдонларда иссиқхоналар ташкил этиб, бу ишларга жами 1 миллиард 919 сўмлик банк кредитлари ажратилиши режалаштирилди. Шунингдек, бу йил кам таъминланган, иқтисодий аҳволи оғир хонадонларда ва иқтисодий комплекс раҳбар ва ходимлари хонадонларида комплекс томонидан 1000 дона иссиқхона қуриш белгиланди. Шундан 500 дона исиқхона саноатда ишлаб чиқилган, 500 донаси маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Бир сўз билан айтганда мақсадимиз аҳолининг турмуш шароитининг янада яхшиланишига ва мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини янада таъминлаш, бозорни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдирилишига ўз ҳиссаларимизни қўшишдан иборат.
Акром ҲАМРОЕВ,
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва
томорқа ер эгалари туман кенгаши раиси.