Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўттиз тўққизинчи сессияси бўлиб ўтди. Сессия кун тартибидаги биринчи масала – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги “Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ҳақидаги масала бўйича халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Б. Баҳрамов ахборот берди.
Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро суди раиси Б. Фармонов, Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди раиси Ф. Худойбердиев, Жомбой туманлараро Иқтисодий суди раиси С. Қувватовлар суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишларнинг аҳволи, суд тизимидаги муаммолар ва истиқболдаги вазифалар хусусида сўз юритишди.
Туман прокурори А. Абдураҳмонов “2018 йилда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасидаги фаолияти тўғрисида” маълумот берди.
Туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Х. Қиличева халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Р. Улуғбековнинг депутат сўровига жавоб сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг тумандаги ижроси бўйича амалга оширилаётган ишларни кўрсатиб ўтди.
Туман ИИБ бошлиғининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Ғ. Маматов жорий йилда “Туман ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини амалга ошириш ҳамда бошқа соҳаларда қилинаётган ишлар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликлар тўғрисида” сўз юритди.
Халқ депутатлари туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Б. Баҳрамов сессия кун тартибидаги барча масалаларга оид ишларни янада жонлантириш, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича қилиниши лозим бўлган вазифаларни кўрсатиб ўтди.
Сессия кун тартибидаги барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.