Жорий йилнинг 30 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда суд тизимининг чинаккам мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини таъминлаш борасида муҳим вазифалар муҳокама қилиниб, таклифлар берилди.
Шунингдек судлар фаолиятига доир ахборотни олиш ҳуқуқини фуқароларнинг тили, жинси, ирқий, миллий мансублиги, диний, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеига қараб чеклашга йўл қўйилмаслигига алоҳида тўхталиб ўтилди. Унда судлар фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талаби эканлигини инобатга олиб, жорий йил якунига қадар Олий судда ягона ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди. Бу албатта, ҳозирги кунда шиддат билан ривожланаётган жамиятда нафақат суд, балки барча соҳани рақамли ахборот тизимларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш бўйича таклиф илгари сурилганлиги судъяларнинг адолатли қарор қабул қилишига таъсир ўтказувчи яна бир омилнинг бартараф этилишидан далолатдир.
Шунингдек, йиғилишда судлар фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги таъкидланди. Судъянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлаганлиги учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди. Ундан ташқари депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судъялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда Одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб боришлари даркорлиги таъкидланди.
Хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарур. Охирги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1 минг 730 та қарори бекор қилинган. Жамиятда ўрнатилган очиқлик сиёсати туфайли аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш, сайёр судлар ўтказиш амалиёти кенгайди. Одамларни юзма-юз ўтириб эшитиш, уларнинг дардини ҳис қилиш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тўғрилаш каби хайрли ишларга йўл очди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, ҳар қандай жамиятда фуқароларнинг ўзаро ижтимоий муносабатларида суд идораларига мурожаатларнинг кўп бўлиши ҳам табиий. Аммо ҳар бир мурожаатчини эшитишга биз судъялар масъулмиз. Бу борада ҳам одил судловни таъминлашда туман суди томонидан ўтган йили ва жорий йилнинг биринчи чорагида ишларнинг 53,5 фоизи “Сайёр суд” мажлисларида кўрилганлиги, оммавий ахборот воситалари орқали 16 марта чиқишлар қилинганлиги, ҳокимликнинг 5 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланганлиги ҳамда фуқаролар сайёр қабул қилиниб, ҳуқуқий тарғиботлар амалга оширилганлигини айтиб ўтишимиз жоиз.
Суд мустақиллигини чин маънода таъминлаш мақсадида судъяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига, суд корпуси вакилларидан жиддий масъулият талаб этилганлиги барча судъялар онгимизда адолатни қўрғон қилиб, тилимизда фақат ҳақиқатни сўзлаб, дилимизда поклик ва ҳалоллик сақлаб, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарликни фаолиятимизнинг кундалик қоидасига айлантириб, суднинг обрўсини, нуфузини кўтариш йўлида тинимсиз меҳнат қилиб, мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир инсонни “Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига” тўла ишонч ҳосил қилинишига эришишимиз зарур ва шартдир, дея таъкидланди.
Бир сўз билан айтганда, йиғилишда муҳокама қилинган масалалар суд тизимининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, унинг нуфузини ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатини таъминлаш, судлар фаолиятининг очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлигини таъминлаш, судларда иш юритиш сифатини ва аҳолининг одил судловга эришиш даражасини ошириши учун хизмат қилади
Шерзод ТЎХТАЕВ,
туман Маъмурий суди раиси.