Сўнгги йилларда қилинган ишлар таҳлили аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар кўрилганини кўрсатиб турибди.
Коррупция - ҳар бир миллатнинг энг жирканч иллатларидан ҳисобланади. Коррупция мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига, улардаги давлат бошқаруви органларига нисбатан ишончсизликнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.
Шунга кўра, ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Судьяларнинг чинаккам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони қабул қилиниб, унга кўра, суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш ҳамда судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги бу борадаги ишлар шаффофлигининг етарлича таъминланмай қолишига сабаб бўлаётганлиги танқидий баҳоланган.
Шунингдек, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш талаб этилаётганлиги инобатга олиниб, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратишни кўзда тутади.
Бундан ташқари, фармон билан судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш, судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш белгиланган.
Шу билан бирга, мазкур фармонда судьяларнинг юридик жавобгарлиги масаласини ҳал этиш пайтида уларнинг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига ҳар қандай аралашувига чек қўйилиши назарда тутилган.
Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.
Жамиятимизни коррупциядан сақлашимиз учун авваламбор, фуқаролар онгида ҳуқуқий маданиятни ошириш лозимлиги, бунда давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини, таълим муассасаларида ўқувчи ва талабаларнинг ҳуқуқий онгини юксалтириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгиланиши, хуқуқий таълим соҳасидаги мутахассисларни касбий тайёрлашнинг сифатини яхшилаш ҳамда доимий равишда такомиллаштирилиб боришига қаратилган тадбирларни амалга ошириш айни муддаодир.
Бугун ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ходимларининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир. Жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва манавияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.
Қачонки адолат устувор бўлган мамлакатдатараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади. Бироқ, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳудудда яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, коррупцияга қарши курашишга доир қабул қиланаётган норматив ҳужжатлар нафақат коррупцияга қарши курашиш механизми мустаҳкамланишини, балки ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаронинг ўзига юклатилган вазифани сидқидилдан, ҳалол адо этишини, шу билан бирга, жамиятдаги муҳит, аҳолининг ҳуқуқий билими, маданият даражаси, маънавияти, уюшқоқлиги ва жамоат фаоллиги пастлиги каби омилларга барҳам беришни талаб этади.
Учқун БУТУНОВ,
вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи.