Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналиши сифатида суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича харакатлар стратегиясида белгилаб берилган бешта устувор йўналишнинг иккинчи йўналишида қонун устиворлигини таъминлаш ва суд ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга доир чора-тадбирларнинг амалга ошириш белгиланган.
Республикамизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини, фуқаролар ва хўжалик юритувчи субъектларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоясини таъминлаш. Одил судловни амалга ошириш фаолиятини янада такомиллаштириш йўналишида судлар тизими босқичма-босқич ислоҳ қилиниб, судларнинг моддий техник таъминотини яхшилашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, 2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6034 сонли “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони эълон қилинди. Ушбу Фармон Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб ташкилий тузилмавий ўзгаришларни амалга оширади. Хусусан, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий иқтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этади.
Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.
Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга иқтисослаштирилган туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолинади.
Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади.
Хулоса қилиб шуни айтишим мумкинки, энди фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончи янада қатъий мустаҳкамланади.
Шерзод ТЎХТАЕВ,
Булунғур туман маъмурий суди раиси