«Ўт ва сув балосидан ўзи асрасин», деган нақл бор. Бу балоларга қарши эҳтиёт чоралари кўрилса кейинчалик пушаймонга асос қолмайди. Ахир пушаймонлик душманликдан бошқа нарса эмас.
Бундан бир ой муқаддам Мингтепа маҳалласида яшовчи фуқаро А.Шодмоновнинг яшаш уйи ошхонасида очиқ оловдан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмаганлиги учун ёнғин келиб чиқиб, ошхонанинг 25 м2 жойи ҳамда ошхонадаги жиҳозлар ёнғиндан зарар кўрган. 15 кун олдин эса Лалмикор маҳалласида яшовчи фуқаро Б.Суярқуловнинг қуриб битқазилмаган яшаш уйида қўшнисининг вояга етмаган, 2013 йилда туғилган Йўлдошев Асилбекни гугурт ўйнаши оқибатида яшаш уйининг шифт қисмидаги 35 м2 жойи ёнғиндан зарар кўриб, катта микдорда моддий зарар етади,
Ёнғиннинг нохуш оқибатлари ҳақида гапирганда кўз олдимизга куйиб кулга айланган бинолар касалхонада куйиш тан жароҳати олиб, жони азобларга қолган кишилар келади.
Ёнғин қаерда бўлмасин, ўзининг мудҳиш изларини қолдиради. Қанчадан-қанча одамлар бошпанасиз қолганлиги, саломатликларини йўқотганлиги ва айримлар эса бевақт ҳалок бўлишлари сир эмас. Шунинг учун ёнғин хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишликни яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз. Қуйидаги ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилишларингизни сўраймиз:
- электр ускуналарини доимо назорат қилинг, эскирган электр симларини ўз вақтида алмаштиринг;
- электр ҳисоблагичларда ясама сақлагичлар ишлатманг;
- хоналарда ёш болалар ҳамда қарияларни қаровсиз қолдирманг;
- табиий газдан резина шланглар орқали фойдаланманг;
- кўрикдан ўтмаган ва махсус тамғаси бўлмаган маиший газ баллонидан
фойдаланманг;
- очиқ оловдан фойдаланишда доимо ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинг;
- маиший газ баллонларининг қолдиғи (конденцатни) олманг ва фойдаланманг.
Ана шу хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилсак ўзимизни, яқинларимизни ва хонадонимизни турли нохушликлардан асраган бўламиз.
Дилмурод ЖАББОРОВ,
туман ФВБ бошлиғи ўринбосари,
П ва НБ бошлиғи, катта лейтенант.