Мен сектор раҳбаридан миннатдорман
Саховатли инсонларнинг эзгу ишларидан ҳаётда муаммолар гирдобида қийналиб қолаётганлар баҳраманд бўлса улар қийинчиликлардан фориғ бўлиб, қалби қувончларга тўлар экан. Мен ҳам яқинда 2-гуруҳ ногирони сифатида туман ҳокими Баҳодир Абдуллаевич Бахрамовнинг яқин кўмагини ҳис этдим ва бу саховатли инсоннинг инсонийлигидан миннатдор бўлдим.
Сектор раҳбари сифатида Булунғур маҳалласи, Бахши кўчасидаги уйимга келиб, оилавий шароитимни ўрганиб, кам таъминланган ногирон эканлигимни ҳисобга олиб 2 та қўй берди. Келгусида ана шу қўйларни парваришлаб, иқтисодимни яхшилаб олишим мумкинлигини таъкидлаб, далда бўлди. Бу далдадан кўнглим тоғдек кўтарилди ва саховатли инсонга миннатдорчилигимни изҳор этдим.
Мен кўп йиллар Булунғур МФЙ да турли вазифаларда фаолият юритганман. Ўзим маҳалламиз фуқаролари ўртасида коммунал тўловларни вақтида тўлаб бориш кераклигини тарғиб қилиб, уларга шахсий намуна кўрсатиш мақсадида ҳар ойда ойлик маошимдан бир қисмини фойдаланилган электр, газ ва ичимлик суви учун тўлаб борганман. Фойдаланилган электр учун ортиғи билан тўланган пул миқдори шу бугунги кунда ҳам 311039 сўмни ташкил этаяпти.
Бироқ яқинда туман электр тармоқлари корхонаси назоратчиси келиб, “корхонамиз компьютерида сиз қарздорлар рўйхатидасиз”, деб уйимни электр тармоғидан 2 кун узиб қўйди. Унга тушунтиришларим фойда бермади. Шундан сўнг бу масалада ҳам туман ҳокимидан ёрдам сўраган эдим, қарзим йўқлигини дарҳол тушунди ва бу ҳақда туман электр тармоқлари корхонаси маъмуриятига маълум қилиб, менга ёрдам кўрсатиш кераклигини айтди. Қисқа фурсат ичида уйим яна электр тармоғига уланди.
Бу йилги ёғингарчиликлар ариғи йўқ кўчалар ва ҳовлилардаги ёмғир сувларидан кўлмаклар пайдо қилиб, катта ноқулайликларни келтириб чиқарар эди. Ана шу муаммомизни ҳал қилиб беришни илтимос қилиб яна туман ҳокимидан ёрдам сўрадик. Бу муаммомиз ҳам қисқа фурсатда ижобий ечимини топди. Туман ҳокимининг кўрсатган йўл-йўриғи асосида кўчамизнинг сув тўпланадиган жойларидан ариқ қазилиб, оқава сувлар тўпланмай оқиб кетадиган бўлди. Бу ёрдам ҳам кўчамиздаги ўнлаб оилаларнинг муаммосини ҳал этди.
Саховатли инсонлар бор экан, муаммолардан қийналаётган инсонлар мушкули осон бўлаверади. Ҳимматингизга, саховатингизга офарин, яхшилар!
Зебунисо АЛМАТОВА,
2-гуруҳ ногирони.