Истиқлол МФЙ ҳудудида яшовчи кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари ва ногирон болаларига бағри кенг ҳомийлар кўмагида “Бахт” базмгоҳида ихчамгина суннат тўйи ўтказилди. Тўйда тўй болаларнинг ота-оналари, яқин қариндошлари, маҳалла фаоллари иштирок этишди. Туман маданият уйи хонанда ва созандалари, раққосалари ўзларининг ёқимли куй-қўшиқлари ва рақслари билан тўй иштирокчиларини мамнун этишди.
- Маҳалламизда бағри кенг, меҳр-оқибатли инсонлар кўп, - дейди Истиқлол МФЙ раиси Назар Мустаев. - Шулардан бири тадбиркор Садриддин Исломов. Бу саховатли инсон маҳалламиз ободончилигига ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда. Унинг маслаҳати билан маҳалламиздаги кам таъминланган оилалар фарзандларидан Темиржон, Маъруфжон, Элёрбек, Сарваржон, Исомиддин ва Умиджонларга суннат тўйи ўтказилди. Тўй болалар бошдан оёқ кийинтирилди. Шунингдек, ҳар бир болага омонат дафтарчаси очилиб, 200.000 сўмдан пул ўтказилди.
Бу тўй ҳар бир боланинг қалбида узоқ йиллар давомида эсида қоларли, ажойиб тарзда ўтди. Тўй давомида ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонларининг қизиқарли чиқишлари тўй болаларда ва иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди.
Раббим ҲОТАМОВ.