Эрта тонгдан, қуёш тоғлар ортидан мўралаб чиқмасданоқ “Деҳқонобод” маҳалласининг деҳқонлари далада жавлон уришади. Пешона тери эвазига етиштирилган картошка, помидор, бодринг каби сабзавотларни йиғиштиришиб, бозорга йўл олишади. Қорамол, эчки ва қўйларга ўт-ўлан беришади. Томорқа ва фермер хўжалиги далаларидаги экинзорларни бегона ўтлардан тозалашади.Ариқларда тўлиб- тошиб оқаётган сувни экин майдонларига бошқаришади.

- Маҳалламиз ҳудудидаги Чангал, Равот-1, Равот-2, Равот-3 каби қишлоқларида 2905 нфар аҳоли яшайди,- дейди “Деҳқонобод” МФЙ раиси Эгамқул Бобоқулов.- Маҳалла аҳолиси асосан картошкачилик, чорвачилик ва сабзавот маҳсулотлари етиштириш билан шуғулланишади. 10 та фермер хўжалигининг ҳар бири 5-10 гектар майдонда сара бозорбоп ва уруғлик картошка етиштиришади. Аҳоли ҳисобидаги 90 гектарлик томорқаларида картошка билан биргаликда помидор, бодринг, пиёз, сабзи каби сабзавот маҳсулотлари етиштиришади.

- Жорий йилда 1 гектар ерга картошканинг янги уруғини эккан эдик,- дейди томорқа эгаси, уста деҳқон Тўрақул Халилов.-Ҳосил биз кутганимиздан ҳам мўл бўлди. Айни пайтда пишиб етилган картошка ҳосилини оила аъзоларимиз ва қўшимча ёрдамчи ишчилар билан биргаликда ҳашар тариқасида йиғиштириб олаяпмиз. 15 йилдан буён картошкачилик билан шуғулланамиз. Дастлабки ҳосилини ўзимизнинг деҳқон бозорига чиқараяпмиз. Ундан ташқари республикамизнинг турли вилоятларидан келган мижозларга шартнома асосида келишилган нархларда сотамиз. Картошка ҳосилидан олган даромадимиз ҳисобидан оиламиз тинч, турмушимиз фаровон. Фарзандларимиз учун замонавий янги уйлар қурдик, тўйлар қилдик. Ўзимизда ишлаб чиқарилаётган энг замонавий машиналардан сотиб олдик. Самарали меҳнатимиз туфайли бировдан кам бўлганимиз йўқ. Рўзғоримиздан ортганини кам таъминланган оилалар билан бирга баҳам кўраяпмиз. Маҳалламиз ва қишлоғимиз ободончилигига оз бўлса-да ҳисса қўшаётганимиздан мамнунмиз.

“Деҳқонобод” маҳалласида элим деб, юртим деб ёниб яшаётган тадбиркор, ишбилармон инсонлар кўп. Ана шу жонкуярлар ғайрати ва ташаббускорлиги билан маҳалла ҳудуди кунда-кунга обод масканга айланиб бормоқда. Айни пайтда маҳалла ҳудудидаги 45-мактаб, битта мактабгача таълим муассаси, иккита оилавий боғча, ҚВП, 7 та савдо дўкони, 2 та ветеринария аптекаси, 2 та сартарошхона, 3 та новвойхона, 1 та автоустахона, 1 та миллий таомлар ошхонаси, 1 та мини футбол стадиони аҳоли хизматида.
- Шу кунларда ҚВПда ҳам иш қизғин бормоқда,- дейди ҚВП бош шифокори Аҳмад Маҳмудов.- Шифокорларимиз аҳоли ўртасида пандемияга қарши тушунтириш ишларини олиб бориш билан бирга коронавирусга қарши эмлаш ишларини ҳам олиб боришмоқда. Шу кунгачамаҳалла аҳолисининг ярмидан кўпроғи пандемияга қарши эмланди.
Маҳалла маркази ва қишлоқларни ободонлаштириш ишларига фаоллардан Раббимқул Ибрагимов, Одил Абдазов, Алимқул Бобоқулов, Олим Қувондиқов, Акмал Ёрбобоев, Нодира Рўзиева,участка инспектори Миролим Муҳаммадиев, Ҳалима Жўрабоева, Гулнора Муродовакабилар бошчилик қилишмоқда. Қишлоқ кўчалари ҳашар йўли билан равонлаштирилди.6 та артезиан қудуғи аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаб турибди. Муборак Қурбон ҳайити арафасида ҳомийлар ҳиммати билан қўйлар сўйилиб, кам таъминланган оилаларга, беморларга тарқатилди.
Маҳалла “Темир дафтари” рўйхатида турган 33 нафар фуқароларга “Саховат кўмаги” асосида мотокультиватор, тикув машиналари, пайвандлаш ускунаси, пишириқ пиширадиган духовкаларберилди. Икки нафар кишига 10 бошдан товуқлар берилди. Айни пайтда “Темир дафтар”дан ўчирилган фуқароларнинг ҳар бири доимий иш билан банд бўлишди.
- Маҳалламиз ҳудудида бўлиб ўтадиган тўйлар ва маросимлар қатъий карантин асосида тартиб билан ўтишида фаолларимизнинг хизмати катта бўлмоқда, - дейди “Деҳқонобод” МФЙ раиси Эгамқул Бобоқулов. - Мустақиллигимизнинг 30 йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида маҳалламиз ҳудудида ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
РаббимҲОТАМОВ.