МЕҲНАТ САМАРАСИНИ КЎРСАТМОҚДА
Туманда камбағалликни қисқартириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, "Бир маҳалла - бир маҳсулот" тамойили асосида жорий йилнинг 7 июнь куни тумандаги “Чўянтепа” маҳалласида 8 та хонадонга жами 2000 та ва “Чорбоғ” маҳалласидаги 9 та хонадонга жами 2500 та, умумий ҳисобда 4500 та гўштга ихтисослашган жўжалар етказиб берилган эди. Мана, орадан бор йўғи бир ой вақт ўтиб, меҳнат ўз самарасии бермоқда.
- Ўша вақтда ҳар бир жўжа 10 кунлик махсус озуқа еми билан таъминланган эди, -дейди “Чорбоғ” маҳалласи раис ўринбосари Муҳиддин Қаюмов. - Бу жўжалар қарийб бир ой давомида хонадонларда боқилди. Бугун Жомбой туманида шу соҳа билан фаолият юритувчи тадбиркорлар билан боғландик. Тирик вазндаги ҳар бир килограмм маҳсулот учун 12 000 сўмдан нарх таклиф қилинди. Аҳоли бу нархга рози бўлиб, бугун, 903 та товуқни олиб кетмоқдамиз. Қолганларини ҳам эртадан қолдирмасдан топширамиз.
Ҳисоб-китобларимизга кўра ҳар бир жўжа учун бугунги тайёр ҳолига келгунича 25 000 сўмгача харажат қилинибди. Ҳозирда ҳар бири 2.5 – 3 килограмм атрофида тош босмоқда. Қисқа вақт давомида бу борада тажриба орттирган ва даромад қилаётган фуқароларимиз ушбу соҳадаги фаолиятини давом эттириш, ҳатто кенгайтириш мақсадида. Насиб қилса, ушбу фуқароларимиз даромад кўришгач, маҳалладаги бошқа фуқароларда ҳам шу соҳага қизиқиш уйғониб, улар ҳам шу соҳа билан шуғулланишлари кутилмоқда.
Ана шунда маҳалламизнинг “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида иккинча даромад манбайи сифатида тўлиқ паррандачиликка ихтисослашувига эришамиз. Бу эса маҳсулот таннархининг янада арзонлашувига, аҳолининг эса даромади ортишига олиб келади.
Аббос ЖАЛИЛ ўғли