Туманимиз иқлими деҳқончилик учун қулай ҳудуд. Шу сабабдан бу ерлардан нафақат туман халқи, балки вилоятнинг бошқа туманлари, қўшни вилоятлардан ҳам келишиб, деҳқончилик қилиш, унумдор ерлардан самарали фойдаланиб, даромад олиш пайида бўлишмоқда. Хусусан, Пайариқ туманида туғилиб ўсган, асли касби тиш шифокори бўлган тадбиркор Сожида Жабборова томонидан парвариш қилинаётган “Павловния” дарахтлари ёки афғон тадбиркорларининг “Қобул Самарқанд” номли МЧЖ ташкил этиб, Булунғур заминида бодрингнинг ноёб навларини парвариш қилишаётганлиги фикримиз тасдиғидир.
Сизларга таништирмоқчи бўлган ўсимлик “Брокли” ўзимиз билган карамнинг бир тури бўлиб, Булунғур заминида етиштирилмоқда. Хусусан,, “Авлиё Парпи” маҳалласи фуқароси Исомиддин Ўсаров жорий йилда ўз томорқасида ана шу ўсимликни етиштириб, тажриба орттирган уста деҳқонлардан.
- “Samarqand Garden Plast” қўшма корхонасидан кўчатининг донасини 100 сўмдан сотиб олиб, март ойи иккинчи ярмида эккан эдим, - дейди Исомиддин. - Июнь ойидаёқ ҳосилни йиғиштириб олиб, корхонанинг ўзига 2300 сўмдан топширдим. Броклининг ҳар бири 600 граммдан 1 килограммгача ҳосил берди. 25 сотих майдондан жами 7 тонна маҳсулот топширдим. Бироз кутганимда маҳсулот оғирлиги яна ортиши аниқ эди. Бироқ, ердан унумли фойдаланиш мақсадида ҳосилни тезроқ йиғиштириб олиш ва такрорий экин экишни лозим топдик. Ҳозирда ғалладан бўшаган майдонлардан яна 1.5 гектар майдонга брокли экиш режамиз бор. Шу мақсадда ўсимлик уруғидан олиб келиб, кўчат учун тайёрлаяпмиз.
Ўсимлик парвариши енгил бўлиб, кам меҳнат ва озуқа талаб қилади. Бошқа карамдошлар каби сувни кўп ичади. Ўз тажрибасида кўрган фермернинг таъкдлашича, 1 гектар ердан ўртача 2500 тоннагача ҳосил олиш мумкин. Айниқса, такрорий экин сифатида экиладиган бўлса, октябрь, ноябрь, декабрь ойларида ҳам ҳосил олиш мумкин. Сабаби - бир бор ҳосил олингач, ўсимлик яна қайта ҳосилга киради, бу эса даромаднинг янада ортишига олиб келади.
Хуллас, бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик учун очилган кенг имкониятлар эшиги туфайли бизга нотаниш бўлган янги маҳсулот турлари ҳам кириб келмоқда. Тадбиркорлар, уста деҳқонлар томонидан улар ўрганилиб, фойдали деб топилганларидан юқори даромад олинмоқда. Биз, оммавий ахборот воситалари ходимларининг бурчимиз, бу каби янги даромад манбааларини халқимизга етказиш орқали аҳолининг даромади ортишига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат.
Синовдан ўтказганлар билан суҳбатда бўлинг. Сиз ҳам синаб кўринг. Замонга мослашинг. Янгиликка интилишдан чўчиманг. Балки, имкон қадар камроқ ресурслардан имкон қадар кўпроқ даромад олишнинг сиз билмаган йўллари бордир?
Аббос ЖАББАРОВ.