Яқин вақтларгача туманнинг экин майдонларида меҳнат қилаётган фермерлар ва деҳқонларнинг аксарияти ўз шахсий қишлоқ хўжалик техникалари ва турли хил русумдаги тракторларини ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлмасдан бошқаришарди. Уларнинг аксарияти назарий ва амалий кўникмаларга эга эмасди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган техникалар ҳозирда гидравлик усулда бошқариладиган замонавий тракторлардан иборат. Бу техникаларни бошқариш эса ҳайдовчидан йўл ҳаракати қоидалари ва техникаларнинг тузилиши ҳақида яхши хабардор бўлишни тақозо этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 апрелдаги 325-сонли “Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилдан бошлаб туманимиздаги Қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи қошида қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари ҳамда ўзиюрар машиналарни бошқарувчи тракторчи-машинистларни тайёрлаш ва қайта тайёрловчи ўқув курси ташкил этилди.
Яқинда ушбу ўқув курсининг дастлабки 25 нафар битирувчилари 360 соатлик ўқув муддатларини тамомлаб, ҳам амалий, ҳам назарий имтиҳонларни муваффақиятли топширишиб, “А”, “Б”, “С”, “Д” тоифалари бўйича 3-класс тракторист-машинист гувоҳномаларига эга бўлишди. Ушбу класс ҳайдовчилари механик қурилмали қишлоқ хўжалик машиналари ва тракторларини бошқариш ҳуқуқига эга.
Ўқув курсида “Е” гидростатик трансмиссияли ўзиюрар қишлоқ хўжалиги машиналари ва “Ғ” ўзиюрар мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари тоифалари бўйича тракторист-машинист гувоҳномаси малакасига кўра уч тоифага бўлинади ва III, II, I-тоифаси берилади. Ҳайдовчилар аввало камида 3 йил стажга эга бўлишлари лозим.
Ўқув курсида ўқувчиларнинг назарий жиҳатдан кўникмага эга бўлишлари учун 4 та замонавий йўл ҳаракати талабларига мос трактор ва автомобиллар, қишлоқ хўжалиги машиналари ҳамда тракторлари тузилишини акс эттирган хоналари мавжуд. Шунингдек, 3 та 80–11 ТТЗ трактори, 1 та 80-10 ТТЗ трактори, 2 та ВУ – 300, ВУ-304 замонавий тракторлари, 1 та ТL – 100 трактори ва қишлоқ хўжалик машиналари билан жиҳозланган хоналарда ўқувчилар амалиёт машғулотлари билан банд бўлишади. Улар 48 соат мобайнида якка тартибда техникаларни бошқариш амалиётини ҳам ўташади.
Бектемир НАЗАРҚОСИМОВ,
“Ўзагроинспекция”нинг туман бўлими “Техника ҳолати
ва агротехника тадбирларни назорат қилиш
шўъбаси” катта инспектори.