Президентимизнинг ПҚ-3699 сонли Қарорига асосан жорий йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб туманимизда ҳам Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланишини назорат қилиш бўйича Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги Инспекцияси ўз иш фаолиятини бошлади. Унга кўра бугун илгари фаолият юритган Машина ва асбоб-ускуналарнинг техник ҳолатини назорат қилиш бош давлат инспекцияси, “Ўзсувназоратмарказ” республика сув инспекцияси, “Ўзуруғназоратмарказ” қишлоқ хўжалиги экинлари уруғини сертификациялаш ва сифатини назорат қилиш давлат маркази каби олтита давлат корхоналари тугатилди.
Ҳозирда Инспекция қишлоқ ва сув хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатлари ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши ҳолати, экспорт-импорт ва Республика ичидаги ташишларда дон экинлари, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари ва улардан қайта ишланган маҳсулотлар сифатини мажбурий давлат текширувидан ўтказиш, ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чораларини кўриш борасида комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш каби вазифаларни бажаришмоқда.
Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Инспекция ходимлари жорий йилнинг 1 августидан ҳозирга қадар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган сув ресурслари ва ерлардан фойдаланиш соҳасида 57 та, техника ҳолати ва агротехник тадбирлар соҳасида 139 та, пахта хом ашёси, дон, уруғлар ва уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлардан фойдаланиш соҳасида 32 та, жами 228 та қонун бузилиш ҳолатларини аниқлашди. Бу ҳолатлар бўйича фуқароларнинг 228 нафарига 50,28 миллион сўм маъмурий жарима қўлланилди. Қишлоқ хўжалиги ва йўл қурилиш техникаларига кўрсатилган хизматлар юзасидан 35,83 миллион сўм ундирилди.
Инспекциямиз ходимлари ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва айбдорларни жавобгарликка тортиш билангина шуғулланиб қолмасдан, шунингдек қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланиш, фермер хўжаликларида дон ва уруғлар сақланаётган омборхоналардаги маҳсулотларни сақлашда сифатга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида жойларда тушунчалар беришмоқда. Мана шундай тадбирлар ҳозиргача “Агросервис МТП”, “Агрокимёҳимоя” ҲАЖ ва 13 та Агрофирмада ўтказилди. Шунингдек, тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019 йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинлари навларини жойлаштириш ва бошоқли дон етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги ҳамда ”Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорлари мазмун-моҳияти бўйича тушунчалар берилиб, тарғиботлар қилинмоқда. Мақсадимиз халқимиз дастурхонини озиқ-овқат маҳсулотлари билан янада тўкин қилишга ҳиссамизни қўшишдан иборат.
Ғолиб ҚОДИРОВ,
Республика Бош прокуратураси ҳузуридаги
Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат
хавфсизлиги таъминланиши устидан
назорат қилиш инспекцияси туман бўлими бошлиғи.
Маҳмуд ТОШБОЕВ,
бошлиқ ўринбосари.