ГИЁҲВАНДЛИК – ПАНЖАРА ОРТИГА ЕТАКЛАДИ
Халқимизда “Оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади” деган нақл бор. Лекин... бу нақлга Холиқ (исм шартли танланган) амал қилмайди. У оғирнинг устидан, енгилнинг остидан юриб, гарчи қонунга зидлигини билса-да, тақиқланган экин етиштириш, уни сақлаш ва сотиш билан шуғулланишни одат қилганлиги боис ҳам учинчи бор қамалди. Ҳаммаси гиёҳвандлик билан боғлиқ.
Дастлаб у 2005 йилда қонунга хилоф равишда гиёҳвандлик воситаси олди-сотдиси билан шуғулланганлиги учун 7 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинганди. 2016 йилда эса содир этган худди шундай жинояти учун яна 4 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Фуқаро бугунги кунда Республикамиз Президенти томонидан олиб борилаётган кечиримлилик ва бағрикенглик сиёсатига қарамасдан, аввал қилган жиноий қилмишини яна бир бор содир этди.
Холиқ Қўшработ туманида туғилган бўлсада, анча йиллардан буён Булунғур туманида яшайди. У яшаш манзилида кўздан пана бўлган хилват жойга, бегона ўтлар орасига келгусида сотиш мақсадида тақиқланган экин, яъни, таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “каннабис” ўсимлиги уруғини қонунга хилоф равишда экиб, ўсиб чиққан бир туп “каннабис” ўсимлигининг остки қисмига ишлов бериб, парваришлаб келган. 1 туп пишиб етилган “каннабис” гиёҳвандлик ўсимлиги ҳосилидан “марихуана” гиёҳвандлик воситасини йиғиштириб олиб, яширин равишда сақлаб келиб, 2019 йилнинг 20 январь куни 50 грамм “марихуана” гиёҳвандлик воситасини жиноий шерикларига 1,5 миллион сўмга сотаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан қўлга олинди. Судланувчи Холиқга нисбатан жиноят ишлари бўйича Булунғур туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексиниг 25, 273-моддаси 3-қисмига кўра 10 йилу 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Бугинги кунда ушбу жирканч иллатнинг орқасидан жамиятда салбий оқибатлар, уларни истеъмол килиш натижасида эса аҳоли генофондининг зарарланиши каби ҳолатлар юзага келмоқда. Бунинг олдини олиш учун ўсиб келаётган ёш авлодни зарарли офатлардан асраш ҳар бир фуқаронинг бурчи эканлигини яна бир бор англамоғимиз даркор.
Фарҳод ХУДОЙБЕРДИЕВ,
Жиноят ишлари бўйича
туман суди раиси.