Отам бир вақтлар халқимиз саломатлиги йўлида катта табиб бўлиб хизмат қилганлар. Қўли ёки оёғи чиққан беморлар кучли оғриқдан уйимизга ёрдам сўраб келишарди. Беморларнинг аксарияти ёш болалар, спортчилар, курашчилар, футболчилар бўларди. Онда-сонда йиқилиб оёғи ёки қўли чиққан катта одамлар ҳам отамдан нажот излаб келарди. Отамнинг муолажасидан енгиллашиб шифо топганлар юзларида кулги ва қувонч билан миннатдорчилик билдирардилар...
- Хурсанд бўлган беморларни кўравериб, катта бўлсам албатта дўхтир бўламан, меҳр- оқибатли халқимизга шифокор сифатида хизмат қиламан, - деб ният қилган эдим. Шифокорликка бўлган ҳавас мени СамМИа етаклади. Каптархона МФЙ ҳудудидаги Қирқ Аҳмад қишлоғидаги 14-сонли ўрта умумтаълим мактабини аъло баҳоларгатугатганимдан сўнг ота-онамнинг дуолари билан ҳужжатларимни Самарқанд Давлат Медицина институтининг терапия бўлимига топширдим, - дейди биз билан суҳбатда 38 йилдан буён аҳоли саломатлиги йўлида ҳормай-толмай меҳнат қилиб келаётган олий тоифали шифокор Раҳматилла Бобонов.
Ёш Раҳматилла студентликнинг “олтин даври” давомида институтнинг профессор ўқитувчиларидан шифокорликнинг ўзига хос сирларини қунт билан ўқиб ўрганди. Практика давомида беморларни текшириш, турли хил касалликларга ташхис қўйиш, уларни даволаш, биринчи навбатда беморлар билан қандай муомала қилишни ўзлаштириб олди...
1982 йилда институтни муваффақиятли тугатган ёш шифокор Раҳматилла Бобонов институт йўлланмаси билан дастлабки ишни Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани марказий шифохонаси терапия бўлимида шифокорликдан бошлади. Шундан сўнг “Жиззахстепстрой” трестига қарашли “Бўстон” поликлиникасида шифокор, 5-совхоз врачлик амбулаторияси мудири бўлиб ишлади. 1985 йилдан бошлаб Булунғур туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли силга қарши кураш диспансерига шифокор-фитизиатр бўлиб ишга кирди. У иш давомида Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Бухоро шаҳарларида ўз тиббий малакасини ошириб келди.
- Иш бошқа, ўқиш бошқа экан, - дейди шифокор Раҳматилла Бобонов. - Иш давомида етук мутахассис, тажрибали шифокорлардан жарроҳ Ислом Усанов, Бердиали Назаров, терапевт врач Мамасоли Содиқов, Мамаюсуф Салимов каби тиббиёт билимдонларидан беморлар билан ишлашни ўргандим. Биласизми, тиббиёт соҳасида ишлаётган инсоннинг кўз олдида доимо соғлом одам билан беморнинг кўриниши акс этиб туриши керак. Ўтган салкам 40 йиллик ишим жараёнида турли хил касалликка чалинган беморлар билан суҳбатлашдим, уларни тиббий муолажадан ташқари кўпинча ширин сўзлар билан даволадим. Дардлардан фориғ бўлганлар миннатдорчилигининг ўзи мен учун энг катта совға бўлди. Шифокор учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак. Биласизми, касаллик билан соғлик ўртасида бир кўприк бўлади. Шифокорлар кўприкнинг соғлик томонида туради. Биз кўприкнинг касаллик томонида турган беморни ўзимиз томонга ўтказиб олишимиз керак. Бунинг учун касаллик вақтинча эканлигини, тушкунликка тушмаслигини, соғайиб кетишини беморнинг онгига етказишимиз керак. Беморга меҳр билан қарасак, уни қийнаётган дардни шошилмасдан эшитсак, юрагида соғайиб кетишига ишонч уйғота олсакгина бемор албатта, соғайишга ҳаракат қилади ва соғаяди. Бунинг учун шифокор ширин сўзли, меҳрли, юраги тоза, касалликни аниқлашда шошилмасдан, чуқур фикр юритадиган, беморни ўз сўзига ишонтира оладиган бўлиши керак. Бемор соғайганидан сўнг унинг кулиб турган юзини, чақнаб турган кўзларини кўриш, раҳмат дўхтиржон “қўлларингиз дард кўрмасин” деган миннатдорчилик сўзларини эшитиш шифокор учун энг катта олий бахт. Доноларимиз бекорга айтишмаган, “Олтин олма, дуо ол, дуо олтин эмасму”, - деб. Озми-кўпми беморларга ёрдамим тегаётганидан мамнунман. Бемор дардига давони аввало Аллоҳдан сўрайман.
- Шу кунларда икки кишининг боши бирикса албатта, гап коронавирусга бориб тақалади, - дейди шифокор Раҳматилла Бобонов. - Бири бу касалликни енгил тасаввур қилса, иккинчи одам аввало ўзини, оиласини ва атрофидагиларни бу касалликдан ҳимоя қилиш учун давлатимиз раҳбарларининг, шифокорларнинг маслаҳатларига амал қилишимиз керак, - дейди.
Шифокорлик шарафли ва масъулиятли касб. Биргина ножўя хато тўғрилаб бўлмас ҳолатни келтириб чиқариши мумкин.
Бу йил Аллоҳ инсоният учун синов даврини юборди. Хабарингиз бўлса керак., бундан бир неча йил олдин сил, ва ОИТС касалликларининг олдини олиш ва даволаш учун дунё бўйича бор имкониятлар ишга солинди ва ижобий натижаларга эришилди. Агар биз ҳозирги кунда карантин қоидаларига қатъий риоя қилсак, албатта, ҳаммамиз биргаликда каронавирусни енгиб чиқамиз.
- Фурсатдан фойдаланиб, меҳри дарё халқимизга тинчлик, хотиржамлик тилайман. Жаннатмонанд юртимизда тўйлар кўп бўлсин, - дейди сўзининг охирида эл ҳурматига сазавор бўлган шифокор Раҳматилла Бобонов. - Биз шифокорлар учун элимизнинг соғлиги, чексиз миннатдорчилиги ва ҳурмати энг катта мукофот. Шифокорлар учун бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
Ўз касбининг моҳир билимдони бўлган тажрибали шифокор Раҳматилла Бобонов айни пайтда пенсионер бўлишига қарамасдан, ҳамон эл саломатлиги йўлида ҳормай- толмай меҳнат қилмоқда.
- Касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш мақсадида туманимизнинг ҳамма қишлоқларида гигиена қоидлари асосида тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз, - дейди шифокор Раҳматилла Бобонов. - Шу боис касалликлар халқимиздан йироқлашиб бормоқда.
Олий тоифали шифокор Раҳматилла Бобонов эл саломатлиги йўлидаги жонкуярлиги ва кўп йиллик самарали меҳнатлари эвазига ТТБ ва туман ҳокимлигининг бир қанча Фахрий Ёрлиқлари, дипломлари, қимматбаҳо совғалари билан тақдирланган.
Туман аҳолисининг севимли шифокори Раҳматилла Бобонов турмуш ўртоғи, уй бекаси Муслима опа билан биргаликда 4 нафар фарзандларини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказишди. Ўғли Ғуломжон, қизлари Нилуфар, Моҳира, Сарвинозлар мустақил оила сифатида Ватанимизнинг равнақи йўлида турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилишмоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.