Ўтган асрнинг 30-йилларида туманимиздаги Коминтерн қишлоғи аҳолиси ўртасида юқимли сил касаллиги авж олиб кетган эди. Шифокорлар, дори-дармонлар етишмаган. Шаҳар шифохоналари қишлоқдан анча олис, техника йўқ... Ҳатто шу касаллик туфайли қўшни қишлоқ аҳолиси бу қишлоққа қиз бермай, бу қишлоқдан келин туширмай қўйишди.
Қийинчилик, қаҳатчилик одамларни ҳолдан тойдирарди. Ана шундай даврда уч йиллик ҳарбий хизматни тугатиб уйига қайтаётган аскар - Собиржон ўзи билан бирга хизмат даврида яхши кўриб қолган ҳамшира қиз Марияни уйига бошлаб келади. Бундан оға-инилари , қўни-қўшнилар бироз норози бўлган бўлишди, албатта.
Қишлоқдаги бу вазиятни кўрган Мария ҳамшира сифатида дастлаб ўз оиласида оила аъзоларига тиббий гигиенага қатъий риоя қилиш кераклигини тушунтириб, ишга киришиб кетди. Уйдаги ҳамма нарсаларни - кўрпа-кўрпачаларни, ёстиқларни, идиш- товоқларни ҳовлига тоза ҳавога чиқарди, буюмларни офтобга ёйиб қўйди. Ўргимчак босиб қорайиб кетган хона деворларини тозалаб, шамоллатиб, оҳак билан оқлаб чиқди. Қозон- товоқларни, чойник-пиёлаларни, қошиқларни тиббий гигиена асосида ювиб чиқди. Бу ишга турмуш ўртоғи Собиржон ва оила аъзолари яқиндан ёрдам беришди.
- Ҳарбийдан келган Мария келин нима ишлар қилаяпти, - деб қўшнилар уйга киришди. Уйлар озодалиги, ҳавосининг тозалигидан ҳамма мамнун бўлишди.
Шундан сўнг Мария келин оила аъзоларинининг тозалигига эътибор қаратди. Ҳар куни қўлларни совун билан ювиш,тирноқлар ўз вақтида олинган бўлиши, кийимларнинг тозалиги, ҳар кимнинг ўз сочиғи, пиёласи, косаси, пиёласи, қошиғи алоҳида бўлиши кераклигини таъкидлаб, “тиббий гигиенага қаттиқ риоя қилсак - ҳар қандай касаллик биздан узоқлашади”, деди қувноқлик билан кулиб, ҳарбийдан келган ҳамшира келин.
Мария ҳамширанинг ташаббускорлиги, ишбилармонлиги ва тинимсиз меҳнати эвазига оила аъзоларининг чеҳралари очилиб, аста-секин бу дарддан қутула бошладилар. Шу сабаб Чангал, Меҳтар, Эрганак, Равот, Қум қишлоқ, Оломон, Каттақишлоқ каби қишлоқлар аҳолиси бу оилага ҳавас билан қарайдиган бўлиб, бу дарддан мутлақо фориғ бўла бошладилар.
Қишлоқ аҳолиси саломатлиги йўлида ғайрати ичига сиғмай бораётган Мария ҳамшира қишлоқдаги ҳамма хонадонларга бирма-бир кириб, касалликнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб борди.
- Тиббий гигиенага қатъий амал қилсак, албатта, ҳаммамиз бу касалликдан қутиламиз, - дейди Мария ҳамшира. - Бунинг учун, биринчи навбатда, оилада тозаликка эътибор беришимиз керак. Иккинчидан, тўй-маъракаларга, меҳмондорчиликка борганда албатта, ҳар ким ўзи учун алоҳида сочиқ, коса, пиёла, қошиқ билан бориши керак. Ундан ташқари, таниш-билишлар, оға-инилар билан қучоқлашиб, ўпишиб кўришишдан узоқроқ юрсак, мақсадга мувофиқ иш бўларди.
Мария ҳамширанинг элим деб, юртим деб қилган самарали меҳнатлари зое кетмади. Бир ёқадан бош чиқариб, тиббий гигиенага қатъий риоя қилган қишлоқ аҳолиси аста-секинлик билан юқумли сил касаллигидан батамом соғайиб кетишди.
- Бундан 85-90 йил олдинги бўлган бу “эртак” воқеаларни ҳамқишлоқларимиз ҳамон мамнуният билан эсга олишади, - дейди ўтган замондаги Коминтерн, ҳозирги Қувондиқ қишлоғининг фуқароси, Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, фахрий ўқитувчи Тўйчибой Ғаффоров. - Ўша оғир йилларда қишлоқ қаҳрамонига айланган Мария ҳамшира опа эзгу хизматлари туфайли ҳамманинг севимли кишисига айланди. Ўша даврларда яшаб ўтган ота-боболаримиз, меҳрибон онахонларимиз-у-момохонларимизнинг суюкли неваралари, эваралари, чеваралари бугунги обод ва фаровон ҳаётда шу қишлоқда соғ-саломат, бахтли ҳаёт кечиришмоқда.
Мана, бугунги кунда жонажон юртимиз аҳолисининг бошига тушган оғир кунларда юқумли вирусни енгиш учун карантинда ўтириб, тиббий гигиена асосида беҳисоб дори-дармонлардан фойдаланаётган Мария ҳамшира каби минглаб қаҳрамон шифокорларимиз кеча-ю-кундуз тинимсиз меҳнат қилишмоқда.
Улар билан бирлашиб, бу вирусни ҳаммамиз биргаликда, карантин қоидалари асосида албатта, енгиб ўтамиз.
Раббим ҲОТАМОВ.