“Мирзаариқ” маҳалласи ҳудудидаги Қуммўғол қишлоғи туманимиз марказидан анча олисда, мавжланиб оқаётган “Зарафшон” дарёси қирғоғига яқин жойда жойлашган. Шу сабабли қишлоқ асосан очиқ, тошлоқ ер майдонларидан иборат бўлган. Экин экиладиган очиқ ер майдонлари деярли бўлмаган... Қишлоқнинг меҳнатсевар аҳолисининг ҳашари ва самарали меҳнатлари эвазига тошлоқ ер майдонлари қудратли техникалар ёрдамида тартибга солиниб, экин экиладиган майдонга айлантирилди. Қишлоқ кўчаларининг чеккаларидаги ариқлар бўйига қора ва оқ толлар, тераклар экилди. Ҳовлиларда турли хил сабзавот маҳсулотлари картошка, карам, помидор, бодринг, болгар қалампири, ловия етиштириладиган бўлди.
Бундан 20-30 йил олдин бу қишлоққа келиб кетган одамлар, дарё бўйидаги тақир тошдан иборат қишлоқдаги оғайнимникига тўйга бориб келдим, дейишарди... Айни пайтда бу обод қишлоққа келган одамнинг баҳри дили очилади... Хизмат юзасидан шу қишлоққа бордим. Равон қишлоқ кўчалари четларидаги осмонўпар ям-яшил дарахтлар қишлоқ кўркига-кўрк қўшиб турибди. Бири-биридан чиройли уйларнинг кўриниши шаҳардагилардан қолишмайди. Катта асфальт йўлнинг чеккасидаги очиқ майдонда қишлоқ аёллари енг шимариб ишга киришиб кетган.
– Қишлоғимиз хотин-қизлари, онахонлариташаббуси билан бу ерда “Оналар боғи”ни ташкил қилаяпмиз, - дейди ҳамроҳимиз, “Мирзаариқ” МФЙ хотин-қизлар фаоли Саодат опа Ҳасанова. – Маҳалламиз аёллари, хотин-қизларимиз, онахонларимиз бир-бири билан жуда иноқ. Шу сабабли маҳалламизда қайнона-келин ўртасидаги муаммоларга ўрин йўқ. Фаол хотин-қизларимиз, ташаббускор онахонларимиздан Ойсафар Ражабова, Роҳатой Мелибоева, Шоҳида Авалбоева, Комила Жумақулова, Фазилат Шамсиева, Меҳринисо Турсунова, Фарида Нурбоева, Назокат Оқбоева, Санобар Эргашева, Дилором Жуманова, Матлуба Эргашевалар маҳалламиз кўрки ҳисобланади. Улар доно маслаҳатлари ва кўрсатмалари билан ёш хотин-қизларимизга ўрнак бўлмоқдалар. Қишлоқ хотин-қизларининг онахони, кўпни кўрган, маҳалла “кайвониси” деб ном олган 61 ёшли Ойсафар момо Ражабованинг ташаббуси билан қишлоқ йўли чеккасидаги эътибордан четда қолган мана шу 20 сотихли майдонда “Яшил макон” доирасида қишлоқ “Оналар боғи” яратилмоқда.

– Туманимиздаги соя-салқинда мириқиб дам оладиган “Оналар боғлари”га ҳавас қилиб юрган эдик, - дейди кулиб Ойсафар момо. – Шу сабабли Президентимизнинг даъватларига жавобан қишлоғимиз ободончилигига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида шу ишга қўл урдик. Бу хайирли ишга қишлоқдош тенгқур момоларимиз билан биргаликда ёш хотин-қизларимиз ҳам қизғин киришиб кетдилар.

– Биз мана шундай ташаббускор онахонларимиз, фаол хотин-қизларимиз билан ҳақли равишда фахрланамиз, - дейди туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Насиба Мамадиярова. - Айниқса, қалби дарё момоларимизнинг ёш хотин-қизларимизга меҳр билан ўрнак бўлаётганлигининг ўзи бир қувончли ҳолдир.
Қуммўғол қишлоғининг онахонлари ва хотин-қизлари ҳашари билан янги яратилаётган “Оналар боғи”га 60 туп кўк ва қизил олма, 10 туп сариқ ва қора шампан гилоси, 10 туп нок ва 10 туп ёнғоқ дарахтлари экилди. Боғ атрофига анвойи гуллар экилади. Дам олиб, ҳордиқ чиқариш учун ўриндиқлар ўрнатилади. Шу боғ ичида музқаймоқ павильони ва болалар майдончаси ҳам бўлади. Хуллас, боққа ташриф буюрган кишининг баҳри-дили очилади.
Раббим ҲОТАМОВ.