“ТАБИЙ ГАЗДАН ҚАРЗИ ЙЎҚ...”
УСТАСИ ФАРАНГ ФИРИБГАР БУ ИШНИ БАЖАРГАНИ УЧУН ЖАЗОСИНИ ОЛДИ
Фуқаро Таниев Сардор Қулиевич (исми, фамиляси ва шарифи ўзгартирилган) аввал ҳам фирибгарликда фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши эвазига судланиб, суд томонидан тайинланган жазоларни ўтаб келиб, хавфли рецидивист бўла туриб, ўзига тегишли хулоса чиқармасдан ва тузалиш йўлига ўтмасдан яна бир жиноятга қўл урди.
У қонунга хилоф равишда моддий бойлик орттириш учун алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритиш мақсадида бундан икки йил муқаддам, яъни 2018 йил 5 мартда ҳам тумандаги У.Носир кўчасида яшовчи М.Нурованинг яшаш хонадонига келиб, газ истеъмоли учун олдиндан 500 минг сўм тўлов қилиши кераклигини талаб қилиб, тўлов қилинмаса хонадонни табиий газ тармоғидан узиб кетишини айтиб, фирибгарлик йўли билан уни алдаб, 300 минг сўм пулларини қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган эди.
Судланувчи С. Таниев 2020 йил апрель ойининг бошларида дастлабки тергов ва суд муҳокамаси вақтида аниқлашнинг имкони бўлмаган куни тумандаги “Бунёдкор” МФЙга қарашли Арпапоя қишлоғида “Булунғургаз” таъминоти бўйича ҳудуд устаси бўлиб ишлаб келиб, ушбу маҳаллада яшовчи В. Норқулованинг яшаш уйига келиб, унга газ филиалидан табиий газдан 1 миллион сўм қарздорлиги ммавжудлигини, тўлов қилинмаса иши судга ошишини айтиб алдаб, тўғридан-тўғри абонентдан пулларни олишга ваколати бўлмасада 1 миллион сўм пулларини ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, пулларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган.
Жиноят ишлари бўйича туман суди томонидан С.Таниевга Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ЖК 45-моддасини қўллаб 2 йил муддатга моддий ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоиз миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Шавкат НОРҚУЛОВ
Булунғур туман прокурорининг ёрдамчиси.