ҚИЛМИШ – ҚАМОҚҚА ЕТАКЛАДИ
Уч нафар фарзанднинг отаси Ғолиб Исроилов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Булунғур шоҳ кўчасида жойлашган дўконида бинойидек якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиб келаётган эди. Даромад ҳам ёмон эмасди.
Лекин у бунга қаноат қилмади. Дўконда ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, телефон аппаратларини таъмирлаш хизматини бажариб, ноқонуний тадбиркорлик билан шуғулланишига ҳам қаноат қилмай, нотаниш фуқароларнинг АҚШ долларини сўмга айирбошлаш билан ҳам шуғуллана бошлади.
“Ноқонуний иш – келтирар ташвиш” деганларидек, Ғолибнинг бундай ноқонуний қилмишлари унга ташвиш келтирди.
Жорий йилнинг февраль ойида фуқаро М. Холиқовдан ҳар бир АҚШ долларини 9.480 сўмдан сотиб олишга келишиб, жами 948.000 сўмга қонунга хилоф равишда сотиб олаётган вақтда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти Булунғур туман бўлими ходимлари томонидан қилмиши фош этилди.
Суд, судланувчи Ғ.Исроиловни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 170-моддаси ва 176-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган деб топиб, унга ЎзР. МЖтКнинг 170-моддасига асосан, ЎзР. МЖтКнинг 33-моддасини қўллаб, 7 (етти) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Шунингдек, жазони ўташ вақтида Ғ.Исроиловдан ҳар бир сақланган кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 (ўн беш) фоизи 33.450 (ўттиз уч минг тўрт юз эллик) сўмдан, жами 234.150 (икки юз ўттиз тўрт минг бир юз эллик) сўм миқдорида давлат фойдасига ундириш белгиланди.
Ҳусниддин РАЗИҚОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
ИЖҚК Департаменти туман бўлими
бошлиғи, адлия маслаҳатчиси.