Фуқаро Рахимберди Шокиров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) гарчи имконияти бўлсада тегишли тартибда ҳужжатларни расмийлаштириб, қонуний равишда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишдан кўра қинғир йўл билан тадбиркорлик қилишни афзал билди. Натижада эса. сири фош бўлиб, юзи шувит бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти туман бўлими ва туман ДСИ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор текширув тадбирида фуқаро Р.Шокировнинг яшаш хонадонида ҳеч қандай ҳужжатларсиз, тегишли тартибда давлат рўйхатидан ўтмасдан, ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан лицензиясиз, қонунга хилоф равишда сифатсиз дори воситаларини сақлаш ва сотиш билан шуғулланаётганлиги аниқланди.
Тадбир давомида Анальгин, Глюкоза, Тетрациклин таблетка, Валидол, Ампецилин, Валидол, Виферон, Зитрокс каби жами 120 (бир юз йигирма) турдаги умумий қиймати 1.703.407 (бир миллион етти юз уч минг тўрт юз етти) сўм 78 тийинлик дори воситалари ашёвий далил сифатида олиниб, ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Суд томонидан ҳуқуқбузар Р.Шокиров Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 165-моддаси 1-қисми, 165(1)-моддаси ва 176-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топилиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддасига асосан, тайинланган жазоларнинг узил-кесил оғири қўлланилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 (ўн) баравари, 2. 230. 000 (икки миллион икки юз ўттиз минг) сўм миқдорида жарима жазоси тайинлади.
Санжар ХАБИБОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги
ИЖҚК Департаменти туман бўлими катта инспектори.