Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари Булунғур туман Кенгашининг қўшма сессияси бўлиб ўтди. Сессияни туман ҳокими Б. Бахрамов очди. 9-Эрганакли сайлов округида ЎзХДПдан сайланган халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Ш. Пардаева сессия котиби этиб сайланди.
Сессия ишида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов барчани Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 26 йиллиги ҳамда яқинлашиб келаётган Янги йил байрами муносабати билан самимий қутлади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртимизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларни санаб ўтди. Сўнгра “Ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни ва аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича Республика ишчи гуруҳи томонидан аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида” Ўзбекистон Республикаси Бош Прокуратураси бошқарма прокурори Исмоил Нуриддинов ахборот берди. У таъкидладики, Ўзбекистонда “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган талаб устуворлик касб этади.
Ишчи гуруҳи аниқлашича тумандаги секторларда табиий газ ва электр энергияси, тоза ичимлик суви таъминотида, соғлиқни сақлаш тизимида, халқ таълими, МТМлар, йўл қурилиши, ободонлаштириш ва бошқа соҳаларда кўплаб ишлар амалга оширилиши билан бирга камчиликларга ҳам йўл қўйилиб келинмоқда. Улар зудлик билан бартараф этилиши зарур.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Ҳотамжон Кетмонов аҳолининг иш билан бандлигини таъминлаш, банк кредитлари ҳисобига тадбиркорликни янада ривожлантириш, тўй-маъракаларни тартибга солиш, аҳолининг барча қатламлари ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш каби масалаларга ҳам тўхталди.
Қўшма сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси Адҳам Шодмонов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Сахобиддин Арзиқуловлар ҳам иштирок этишиб, ўз фикрларини билдиришди.
Қўшма сессияда кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.