Булунғур МФЙ фуқароси Сарвиноз Арслонова изланувчанлиги, меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги орқали ўз уйида оилавий тадбиркорликка асос солди.
– Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежининг сўнгги босқичида ўқиб юрганимда ёш тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлар ҳақидаги суҳбатларнинг бирида сутни қайта ишлаш ва ундан турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳақидаги суҳбатни эшитган эдим, ўша суҳбат шу соҳани танлашимга туртки бўлди, - дейди Сарвиноз Арслонова. - Бу ҳақда отам ва онамга тушунтириб бердим.
- Яхши ўйлабсан қизим, - деди отам Турғунбой ака ва онам Нодира опалар.
Шундан сўнг тегишли мутахассислар билан маслаҳатлашиб, керакли асбоб-усуналарни ўз ҳисобимиздан Тошкент ва Жиззах шаҳарларидан олиб келиб ўрнатдик. Бу ишнинг билимдони, технолог Хурсаной опа Умарова бизга яқиндан ёрдам бердилар. Шу кишининг қимматли маслаҳатлари асосида “Мубора” оилавий кичик корхонамизни очиб, тадбиркорлик билан йўлга қўйдик.
Айни пайтда ТурғунбойАрслоновлар оиласи аъзолари аҳолидан шартнома асосида сотиб олаётган 150 литр оддий сутни қайта ишлаб, қатиқ, қаймоқ, сир, сметана, бринза, ёғли қаймоқ, сир қаламчалари каби 10 хил турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришмоқда. Тайёр маҳсулотлар шу атрофдаги мактаб, болалар боғчалари ва савдо дўконларига тарқатилмоқда.
- Келгусида корхонамизни янада кенгайтириб, пряник, булочка, торт каби маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйиш ниятидамиз, - дейди ёш тадбиркор Сарвиноз Арслонова. - Ишимизнининг олға кетишида бироз муаммолар ҳам тўсқинлик қилмоқда, электр энергиясидаги бевақт узилишлар туфайли ишимизда унча унум бўлмаяпти. Шунингдек, туман марказидаги “Деҳқон бозори” атрофидан савдо дўкони учун тегишли мутассаддилар озроқ ер ажратиб берсалар айни муддао бўларди.
Яқинда туманда бўлиб ўтган “Ташаббус - 2018” кўрик-танловида иштирок этган “Мубаро” оилавий корхонаси тадбиркорлари “Саноат” йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллаб, ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари ва фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.
Раббим ҲОТАМОВ.