ҲАРБИЙ ҚАЛЪА – ҚЎНИМГОҲ БЎЛГАН
Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш, унинг салоҳиятини ошириш бўйича аниқ манзилли ишлар амалга оширилмоқда. Нафақат шаҳар марказидаги обидалар, балки олис қишлоқлардаги қадамжоларни ҳам сайёҳлар масканига айлантириш режалаштирилган. Булунғур туманида ҳам сайёҳлар зиёрат қилишга арзийдиган, кўп юз йиллик тарихга эга бўлган қадамжолар талайгина. Шулардан бири “Эрганакли” маҳалласидаги “Болғоли” қишлоғида жойлашган “Шероз” қалъаси ҳисобланади. “Шероз” ҳарбий қалъасининг қисқача тарихи ҳақида тўхталамиз. 

Соҳибқирон Амир Темур Самарқанд шаҳри яқинида кўплаб боғ-роғлар, хиёбонлар барпо этиб, ободонлаштириш ишларини олиб борган. Шулардан бири шу масканда 1396-1402 йилларда барпо этилган "Шероз" ҳарбий қалъасидир. Соҳибқирон Эронни қамал қилганда Эрондаги "Шероз" қалъасини олишда анча қийинчиликларга учрайди. Қалъага ҳавас қилиб, юқоридаги жойни қурдиради. Қалъани 20 метр чуқурликдаги Булунғур ариғи ўраб туради. Булунғур ариғининг эни 18-20 метр бўлиб, ариқ тик ҳолатда ҳеч бир душманнинг қалъага ўтишига имконият бермайди. Қалъа атрофида 9 дона булоқлар бўлиб, шулардан 3 таси сақланиб қолинган. Булунғур ариғидан икки томонга ўтиш учун жуда мустаҳкам кўприк қурилган. Кўприкнинг эни 12 метрлар бўлиб, бу кўприкдан "Буюк ипак йўли" ўтган.
"Шероз" ҳарбий қалъаси ҳақида Ўзбекистон ФА Шарқшунослик Қўлёзмалар институти олими Абдусаттор Жуманазаров "Туғли ҳикоялар буржи" китобини ёзган. "Шероз" ҳарбий қалъаси тарихига бу китоб кўпгина янгиликлар олиб кирди. "Шероз" қалъаси 6-7 гектар майдонни ташкил этади. Туман ҳокимлиги қарори билан 4 гектар жой ажратилган бўлиб, қалъа қурилиши лойиҳа-сметаси тайёрланган.
Қалъа Султон Санжар, Гулхон, Соҳибқирон Амир Темур, Шохруҳ Мирзо, Халил Султон, Абу Саид Мирзо, Мирзо Бобур, Бибихоним ва бошқа темурийзодаларнинг қутлуғ қадамлари етган муборак жойдир. "Шероз" қалъаси ва унинг атрофидан чиққан шоирлар Барқатий (X-XI), Файзий Шерозий (XVI), Ваазий Шерозий (XVI-XVII) ҳамда буюк аллома шоир, буюк давлат арбоби, башоратчи мулла, тасаффув намоёндаси Хўжа Ҳофиз Меросий ҳазратлари ҳақидаги маълумотлар қалъа нуфузини янада оширади.
"Шероз" қалъасини ўраб турувчи ариқ номи мўғулчада Булунғур - "лойқа сув" деган маънони англатиб, умумий узунлиги 90 км.ни ташкил этади. Зарафшон дарёсидан сув олади. Манбааларда кўрсатилишича, Булунғур ариғи табиий равишда булоқлардан ташкил топган.
Бу жойнинг қадимий номларидан бири "Бузмажан" деб номланган. Араблар истилоси давридаги кўпгина йирик шаҳарлар қатори "Бузмажан" номи ҳам манбааларда қайд этилган. "Бузмажан" туман маъносини англатиб, Абарикат қалъасидан бошқарилган. Бузмажан ҳозирги кунда Митан номи билан аталиб келинмоқда. XII асрга келиб Абарикат номи Барқатга айланади. Соҳибқирон Амир Темур бу жойларни қайта кўриб, Барқат номини "Шероз" деб атайди. "Шероз" қалъасида 1990 йиллар Ю.Ф.Бряков раҳбарлигида, 2016-2019 йилларда Самарқанд Археология институти олимлари томонидан илмий изланишлар олиб борилди.
Айниқса, "Шероз" қалъаси ўрнида бўлган Гурхон ва Султон Санжар билан 1141 йил 9 сентябрда бўлган жанг диққатга сазовордир. Жангда Гурхон қўли баланд келади. Бу жанг тарихда Қатағон жанги деб номланиб, ҳатто Европада ҳам шов-шувга сабаб бўлади. Амир Темур 1361 йил тарих саҳнасига кириб келди ва 1365 йил мўғул султони Илёсхўжани шу ерда тор-мор этади. Бу жанг тарихда "Лой жанги" деб аталади. 1375 йил Соҳибқирон Мўғулистонга юриш қилади ва Қатаван мавзесида қароргоҳ тикиб, қаттиқ совуқ бўлганлиги сабабли икки ой қолиб кетади. 1376 йил февралида Мўғулистонга юриш бошлайди. 1391 йил Тўхтамишхонни енгишда ҳам худди шу жойга тўхтаб, қароргоҳ тикади ва Соҳибқиронда шу жойда ҳарбий қалъа бунёд этиш фикри пайдо бўлади. Амир Темур 1404 йил 27 ноябрда катта қўшин билан Хитойга юриш бошлайди ва "Шероз" қалъасида қароргоҳ тикиб, бир муддат дам олишдан сўнг Хитой томон йўл олади. Хабарингиз бор, об-ҳаво қаттиқ совиб кетганлиги сабабли 1405 йил 18 февралда Ўтрор шаҳрида қаттиқ шамоллаб вафот этади. Отасининг вафотини Тошкентда эшитган Султон Халил 200 минглик қўшини билан Самарқанд тарафга ошиқади, "Шероз" қалъасига жойлашади. Самарқанд шаҳар ҳокими Арғуншоҳга одам юборади. Арғуншоҳ Самарқанд дарвозалари ва хазина калитларини Халил Султонга топшириб, уни подшоҳ деб эълон қилади.
“ШЕРОЗ” ҲАРБИЙ ҚАЛЪАСИ ВА УНДА КЕЧГАН ТАРИХИЙ ВОҚЕАЛАР
1.Халил Султон 1405 йил феврал ойида "Шероз" қалъаси орқали Самарқанд тахтига ўтирди.
2.Ҳиротдан 1409 йил Шоҳрухмирзо катта қўшин билан Самарқанд томонга келади. Бундан огоҳ бўлган Халил Султон қўшини билан Жиззах ҳудудида тўқнаш келади. Вазиятдан фойдаланган Амир Худойдод тўсатдан Халил Султон қўшинига ҳужум қилиб, уни енгади. Халил Султон "Шероз" қалъасига бекинишга мажбур бўлади. Амир Худойдод вақтни бой бермасдан, 1409 йил 30 март куни "Шероз" қалъасини олиб, Халил Султонни қўлга туширади. Шохруҳ Мирзога қарши қўшин йиққан Халил Султоннинг ҳукмронлиги "Шероз" қалъасида бошланиб, шу ерда барҳам топади.
3.1451 йил Абу Саид Мирзо ва Абул Ҳайрихон билан биргаликда Самарқандга юриш бошлайди. Султон Абдулла қўшини "Шероз" қалъаси атрофида енгилиб, Султон Абдулла ўлдирилади.
4.1497-1500 йиллар Бобурмирзо "Шероз" қалъасида ҳарбий тайёргарликлар кўради. 1510 йилда Самарқанд тахтини "Шероз" қалъасидан бориб эгаллайди. 1512 йилда Султон Убайдуллахондан енгилиб, Самарқанддан чиқиб, "Шероз" қалъасига жойлашади. Шу ердан озгина қўшини билан Афғонистон томон жўнаб кетади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг "Бобурнома" асарида "Шероз"қалъаси ҳақида кўпгина маълумотлар келтирган.
"Шероз" қалъаси жуда мукаммал қурилган. Агар қалъа қамалда қоладиган бўлса, Булунғур ариғидан сув олиш учун яширин йўли мавжуд бўлган. Самарқанд Археология институти олимлари томонидан 2015-2019 йиллар давомида "Шероз" қалъасида археологик қазишма ишлари олиб борилиб, темурийлар даврига хос кўпгина ашёвий далиллар топилди. Бу ашёвий далиллар "Шероз" қалъасининг муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган жой эканлигини кўрсатади.
"Шероз" қалъаси сир-синоатни тўлиқ ўрганиш, қазиш ишларини олиб бориш, топилган ноёб топилмаларни реставрация қилиш, енгил констуркциялар билан ёпиш, муҳофаза қилиш, бу жойда қурилиш инфратузилмасини яратиш мақсадида 23 млрд. 500 млн. сўмлик лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 30 сентябрдаги 828-сонли қарорига асосан "Шероз" қалъасида қазиш ишларини олиб бориш, реставрация қилиш, топилган ноёб топилмаларни сақлаш учун маблағ вилоят маҳаллий бюджети ва Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъат жамғармаси томонидан амалга оширилиши кўрсатилган. Қарорга асосан барча меъёрий ҳужжатлар жамғармага тақдим этилиб, жамғарма томонидан 12 млрд. сўмлик лойиҳа-смета таклифи Молия вазирлигига берилган.
Айни пайтда "Шероз" қаъласида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд Археология институти ходимлари томонидан "Шероз" қалъасида Амир Темур даврига хос мис ва кумуш тангалар, эгар-жабдуқлар, отнинг наҳаллари, уй-рўзғор асбоблари, кўзалар ҳамда ҳарбий аслаҳалар топилган. Шу кунгача Ўзбекистон Туризм ва Маданий мерос вазирлиги ҳисобидан 13 км. асфальт, 2,5 км.лик ичимлик суви, 3,5 км. электр энергияси тармоғи тортилди. 29 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилди. Археологик қазишма вақтида Темурийлар даврига хос ноёб ёдгорликлар топилган ернинг том қисми ёпилди, автотураргоҳ қурилди. Сайёҳлар юрадиган 1,5 км.лик йўлакчалар қурилди. Маиший хизмат кўрсатувчи шахобчалар қурилиши давом этмоқда. Булунғур ариғи устига сайёҳлар келиш йўлида 1 млрд. 7 млн. сўмлик кўприк қурилиб, ишга туширилди.
"Шероз" қалъаси Республика Маданий меросининг диққатга сазовор жойлари тоифасига олинди. Туризм ва Маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос илмий ишлаб чиқариш бошқармаси қарорига асосан 2023 йил 1 июлга қадар барча ишлар ниҳоясига етказилиши белгиланган. Шунингдек, 50 та туристик фирма билан сайёҳлар келиши учун икки томонлама меморандум имзоланган. Ўйлаймизки, "Шероз" қалъаси келажакда сайёҳларни қабул қиладиган қадамжога айланади.
Ғулом ЎРОЛОВ.
(Илмий манбалар асосида тайёрланди).