“Адолат” социал демократик партияси томонидан “Гулзор” МФЙда маҳалла вакиллари, фаоллари ҳамда 47 нафар фуқаролар иштирокида жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган давра суҳбати ўтказдик. Бундан мақсад – аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида турли нохуш воқеалар содир этилмаслигини таъминлашда жамоатчилик фаоллигини ошириш эди.
Суҳбат чоғида энг долзарб ва ташвишли масалалардан бири - хотин-қизлар ўртасида эрта турмуш ва унинг салбий оқибатлари хусусида фикр-мулоҳазалар ўртага ташланди. Шунингдек, тўй ва маросимларда ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик борасида ҳам мисоллар асосида тушунчалар берилди. Маҳаллаларда “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастурига амал қилган ҳолда чорвачилик, паррандачилик, томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш, ёшларимиз ўзи яшаб турган хонадондан тикув хонаси, аёллар учун гўзаллик салони, сартарошхона, кичик цех ташкил қилиб, ёғочдан миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ясаб бозорга чиқариш ва шу орқали ишсизлик даражасини сезиларли камайтиришга эришиш мумкин.
Яна бир муҳим масала шуки, вояга етмаган ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш, бу масалага жиддий ва алоҳида ёндашиш зарур. Шунингдек, маҳалла-кўй, жамоатчилик жойларида, мактаб ва касб-ҳунар коллежларида ўсмир ёшдаги йигитларнинг ўғрилик, жанжаллашиш, атрофдагиларга ҳурматсизлик қилиши каби салбий ҳолатлардан қайтариб туриш лозим. Бунда эса кенг жамоатчиликнинг эътибори муҳим аҳамият касб этади.
Юлдуз ЖУМАНАЗАРОВА,
“Адолат” СДПдан
14-Мингчинор сайлов округидан
халқ депутатлари вилоят Кенгашига
сайланган депутат.