Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши раиси, ҳудуддан сайланган халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Алижон Шокиров “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида Ўроқли МФЙда истиқомат қилувчи фуқароларнинг хонадонида бўлиб, аҳоли томорқасидан қандай фойдаланаётганини кузатиб, суҳбатлар ўтказди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида аҳоли томонидан эгалик қилинаётган томорқа майдонларини кўздан кечиришдан мақсад мавжуд томорқа майдонларидан самарали фойдаланишни тарғиб қилиш, кичик ердан қандай қилиб яхши даромад олиш мумкинлиги хусусида маълумотлар тушунтирилди. Аксарият хонадон соҳибларининг ўз эгалигидаги ердан унумли фойдаланмаётганлиги ҳолатлари ҳам кузатилиб, бундай фуқароларга тегишли тавсиялар, маслаҳатлар ҳам берилди.
Мамлакатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратилаётган бу масалада, аввало, халқнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш назарда тутилади. Фуқаролар ва хонадон соҳиблари ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланса, оиласи ва аҳоли дастурхонини сифатли маҳсулот билан тўлдиришга ҳисса қўшган бўлади. Мулоқотда шу ҳақда фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Ўрганишлар жараёнида аҳолининг ишсизлик, кредит олиш билан боғлиқ ва суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришдаги муаммоли мурожаатлари ҳам қабул қилинди.
Ўз томорқасидан унумли фойдаланиб келаётган маҳалланинг фаол фуқароларига ташаккурномалар топширилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.