Оила - Ватан ичра Ватандир. Ватанни қўриқлаш, тинчлигини сақлаш, оиладагиларнинг соғлиги ҳақида қайғуриш, фарзандларни соғлом ва баркамол қилиб, юртга садоқат руҳида тарбиялаш ҳар биримизнинг бурчимиз.
Маҳалламизга 5 та қишлоқ қарашли бўлиб, унда 722 та оила мавжуд. Хизмат вазифам туфайли вақт топиб, ҳар куни 10-15 та хонадонларга ташриф буюриб, уларнинг ижтимоий аҳволидан хабардор бўламан. Хонадон эгалари билан суҳбатлашиб, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиликлар, ҳаётга тадбиқ этилаётган янги қонун-қоидалар билан танишаман. “Обод қишлоқ” Дастури доирасида оилада саранжом-саришталик, томорқалардан унумли фойдаланиш, тўй ва маъракаларни ихчамлаштиришда хотин-қизларимизнинг ўрни, оиладагиларнинг иш билан бандлиги ҳақида суҳбатлашиб, имкон қадар амалий ёрдам беришга интиламан. Айниқса, оиладаги балоғат ёшидаги қизларимизнинг тарбияси борасида тавсиялар бераман, уй бекаларининг иш билан бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва касаначилик билан шуғулланишлари, томорқадан унумли фойдаланиш зарурлиги, кичик ҳажмдаги иссиқхоналар ташкил қилиб, ундан оқилона фойдаланиш ҳақида фикрлашаман. Аҳоли ўртасида ўтказаётган тинимсиз ташвиқот ва тарғиботларимиз натижасида ўтган йилда маҳалламизнинг 125 та хонадонида 0,05 сотихли иссиқхоналар ташкил қилиниб, уй бекалари ана шу иссиқхоналарда фаолият юритиб,оилаларига қўшимча даромад бўлди. Фуқароларнинг моддий манфаатдорлиги анча ошди. Шу боисдан, жорий йилда ҳам уларнинг ўнга яқини қўшимча яна биттадан ана шундай иссиқхоналар қуришни режалаштиришган.
Маҳалламиздаги хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича” Кайвонилар кенгаши” гуруҳи аъзолари билан биргаликда фуқаролар ўртасида мунтазам “Оила – жамиятнинг асосий бўғини”, “Оила жамият ва давлат ҳимоясида” каби мавзуларда суҳбатлар ўтказиб келамиз. Ҳудудимиздаги умумий ўрта таълим масканларида эса ўқувчи-ёшлар ва ота-оналар иштирокида “Ота-оналар университети” очиқ дарсларини олиб бораяпмиз.
Маҳалла ҳудудида 7 нафар ногирон фуқаролар бўлиб, уларнинг ҳолидан мунтазам хабардор бўлиб турамиз. Жорий йилнинг бошида иккинчи гуруҳ ногирони бўлган Мунаввар Тўйчиева аравача билан таъминланди. Шунингдек, маҳалламиздаги “Яраштирув комиссияси” вакиллари саъй-ҳаракатлари туфайлирўйхатимизда турган 3 нафар оилалардан 2 таси яраштирилди. Аҳоли орасида тез-тез тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилганлиги туфайли ўтган йилда ҳам, жорий йилда ҳам хотин-қизлар ўртасида бирорта ҳуқуқбузарлик содир этилмади.
Оила тинчлиги учун маҳалламиздаги “Кайвонилар кенгаши”, “Яраштирув комиссияси” ва кўча оқсоқоллари, фаоллари билан ҳамфикр бўлиб, профилактика инспектори иштирокида аҳоли орасида тарғиботни янада кучайтиришга эътиборни қаратганмиз.
Нодира ҚОДИРОВА,
“Янгиариқ” МФЙ хотин-қизлар билан
ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий
қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси.