ҒАЛЛА ЁНҒИНДАН ХОЛИ БЎЛСИН
Булунғур азалдан Республикамиздаги қишлоқ хўжалигига ихтисослашган туманлардан бири саналади. Туманда қишлоқ хўжалиси соҳасида қўлга эришилаётган ютуқлар ҳам салмоқли. Хусусан, биргина 2019 йилда туманда режадаги 24.383 тонна ўрнига 30.913 тонна ғалла топширилди ва режа 117.3 фоизга базарилди.
Жорий 2020 йилда туманнинг ғалла топшириш режаси 26.482 тонна бўлиб, амалда режа ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Албатта, ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажаришда миришкор деҳқонларимизнинг пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни нас-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш муҳим аҳамият касб этади.
Яқинда “Ғалла - 2020” мавсумини сифатли ўтказишда масъулларнинг ҳушёрлигини ошириш, ҳар қандай фавқулодда вазиятларга тайёргарликни янада кучайтириш мақсадида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ташаббуси билан туман электр тармоқлари корхонаси, "Марказгазтаъминот" унитар корхонаси туман филиали, туман Тиббиёт бирлашмаси, туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази билан ҳамкорликда ўқув-амалий машғулот ўтказилди.
Машғулот давомида, режага кўра дон қабул қилиш марказида шартли равишда ёнғин келиб чиқди. Дарҳол ёнғинни бартараф этиш чоралари кўрилиб, ҳар бир ташкилот ходими ўз вазифасига кўра ҳаракатланди. Жумладан, туман фавқулодда ваиятлар бўлими ходимлари тезкорлик билан ёнғинни ўчириш ҳамда хона ичида қолган жабрланганларни ташқарига олиб чиқиш чорасини кўришган бўлса, туман Тиббиёт бирлашмаси “Тез ёрдам” бўлими мутахассислари беморга биринчи малакали ёрдам кўрсатиш чораларини кўришди.
Туман электр тармоқлари корхонаси мутахассислари тезкорлик билан бинондаги электр энергиясини тармоқдан узиш чоралари кўришган бўлса, "Марказгазтаъминот" унитар корхонаси туман филиали мутахассислари бинода ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин бўлган барча тармоқларни кўздан кечиришиб, хавфсизлик чораларини кўришди. Туман санитария эпидемиалогия осойишталиги маркази ходимлари бино ҳудуди ва атрофидаги барча ичимлик суви нуқталарини ҳамда уларнинг хавфсизлик даражасини кўздан кечиришди.
Якунда мазкур ўқув-амалий машғулотга жалб этилган барча соҳа ходимлари жам бўлишиб, йўл-қўйилган хато ва камчиликлар муҳокама этилди ҳамда улардан тегишли хулосалар чиқариб олинди.
Туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи Фарҳод Убаев ғалла қабул қилиш пунктида барча эҳтиёткорлик чоралари кўрилганлигини, шундай бўлсада, бу каби фавқулодда вазиятларга доим шай туриш ҳамда ҳар ким ўз вазифасини қисқа муддатда, сифатли бажариш учун зарурий малакага эга бўлиши лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Аббос ЖАББАРОВ.