МАҲАЛЛА - ВАТАННИНГ ОБОД ГЎШАСИ
Маҳалламиз аҳолиси ўз томорқаларида, иссиқхоналарида меҳр билан меҳнат қилишади. Шу боис оилалари фаровон, дастурхонлари тўкин-сочин. Улар томорқадан ташқари фермер хўжаликларда асосан сабзавотчилик, картошкачилик, чорвачилик, паррандачилик, тадбиркорлик ишлари билан ҳам шуғулланишади.
Маҳалламиз ҳудудидаги Зарафшон, Беш бола, Гулобод, Эсонтурди, Ўтаб, Янгиобод, Янги беш каби қишлоқларидаги мавжуд 724 та хонадондаги 1158 оилада 4300 нафар аҳоли яшайди.
Шу кунларда карантиннинг қатъий гигиена талабларига асосланиб, деҳқончиликдан ташқари маҳалла фаоллари Фарҳод Очилов, Умурзоқ Шералиев, Кўчим Мелибоев, Мажид Норбоев, Аббос Ботировлар бошчилигида ҳудудимизда катта ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ҳамма қишлоқ кўчаларига шағал тош тўкилиб, йўллар равонлаштирилмоқда. Йўл бўйидаги дарахтларга шакл берилиб, оқланмоқда. Беш бола қишлоғи аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида янги артезиан қудуғини ишга тушириш арафасида турибмиз.
Маҳалламиз тадбиркорларидан Нурали Ортиқов, Умида Ҳасанова, Отабек Азимов, Олим Раззоқов кабиларнинг шарофати билан ташкил қилинган 7 та савдо дўконларида аҳоли учун зарур бўлган озиқ-овқат ва саноат моллари етказиб берилмоқда.
Маҳалла ҳудудида бўлиб ўтадиганкатта-ю-кичик маъракалар тажрибали фаолларимиз Ҳабибулло Муродов, Анорбой Алиқулов, Мамадиёр Жўраев, Сирожиддин Бобобеков, Наргиза Ўролбоеваларнинг қимматли маслаҳатлари билан замон талаблари асосида ихчам қилиб ўтказилаяпти.
Маҳалла ёшлари учун тадбиркор Давлатбой Норқулов ўз ҳисобидан мини футбол майдони қуриб берди. Бу футбол майдонида 7 та қишлоқнинг ёш футболчилари ўзаро беллашиб турадилар. Эсонтурди қишлоғининг ёш футболчилари пешқадамлик қилаяпти.
Ургут, Тайлоқ, Жомбой, Бахмал туманлари билан ўтказилган ўртоқлик учрашувларида маҳалламизнинг 7 та жамоасидаги энг яхши футболчиларидан таркиб топган терма жамоаси маҳалламиз, туманимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Иқтидорли ёш футболчиларимиздан 8 нафари Самарқанд футбол академиясида таълим-тарбия олишмоқда. 4 нафари “Олимпия” стадиони қошидаги спорт мактабида футболнинг ўзига хос сирларини қунт билан ўрганишмоқда.
Маҳалламиз аҳолиси саломатлиги йўлида меҳнат қилаётган А.Навоий ҚВПсининг маҳалламиз марказида жойлашган 3-сонли пункти шифокорлари ҳам карантин туфайли куни-тун аҳоли ўртасида қатъий гигиена асосида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда.
GOVID-19 коронавирус пандемияси даврида аҳоли орасида тана ҳарорати кўтарилган беморларга ўз вақтида тўғри ташхис қўйиш ва касалликнинг олдини олиш бўйича чора- тадбирлар режаси асосида тушунтириш, тиббий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш кераклиги уқтириб борилмоқда. Бу борада олий тоифали умум амалиёт шифокори Ойбек Ҳасанов, патронаж ҳамширалари Зебо Қозоқова, Сожида Дониева, доя ҳамшираси Гавҳар Сайфиноваларнинг самарали меҳнатлари таҳсинга лойиқ бўлмоқда.
Бектемир ЭРГАШЕВ,
“Эсонтурди” МФЙ раиси.