Килдон МФЙ ҳудудидаги мавжуд 10 та кўчадаги 526 та оилада жами 2386 нафар аҳоли яшайди. Улар асосан деҳқончилик билан шуғулланишади. Ўз томорқаларида сабзавот маҳсулотлари - картошка, помидор, карам, булғор қалампири ва тўқсонбосди экинлари етиштиришади.
Тинчлик ва ободончилик бўлган ҳудудгатўйлар ҳам ярашади. Маҳалла аҳолисининг тинч ва тотув ҳаёт кечиришида албатта, маҳалла посбонининг самарали меҳнати таҳсинга сазовор. Аҳолининг бехавотир, тинч ва тотув яшашида маҳалла посбонининг хизмати катта бўлмоқда.
- Вазифамиз асосан маҳалла ҳудудида осойишталикни сақлаш, фуқаролар тинчлигини асраш билан бирга ҳар қандай ҳуқуқбузарлик, безорилик ва майда ўғирликларнинг олдини олиб, аҳоли тинчлигини сақлашдан иборат, - дейди 18 йилдан буён МФЙ посбони, айни пайтда жамоатчилик тузилмаси раҳбари бўлиб ишлаб келаётган Собир Умирзоқов. - Шу боис маҳалламиз фаоллари, оқсоқоллари ва кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда Президентимиз чиқарган фармонлар ва қарорлари асосида тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Килдон МФЙ марказидан қўшни Жомбой, Ургут туманлари аҳолисидан ташқари Жиззах вилояининг Бахмал тумани аҳолиси ва Тожикистон давлати фуқаролари иш юзасидан у ёқ-бу ёққа ўтиб туришади. Маҳалла марказида ўрнатилган 19-сонли жамоатчилик назорат маскани кеча-ю кундуз ишлаб турибди. Бу ердан ўтган бегона, нотаниш йўловчи кишилар ва автомобиллар қатъий назоратдан ўтказилади.
Яқинда нотаниш кишилар назорат масканида тўхтатилганида “Биз Тожикистонданмиз, Тошкент йўлига қандай чиқамиз, тўйга бораётган эдик”, дейишади. Уларнинг ҳужжатлари обдан текширилиб, назорат маскани рўйхатига киритилгач уларга “оқ йўл” тилаб, тўғри йўлни кўрсатиб беришди. Шунингдек, Жомбойлик фуқаролар маҳалламиз ҳудудидан тез-тез ўтадиган бўлиб қолишди. Суриштирилса, улар Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги Гулбулоқ қишлоғига совчиликка боришаётган экан. Назоратмасканида “Хавфсиз ҳудуд” посбонлари, ёрдамчилари ва аъзолари навбатчилик қилишади. Улар маҳалла ҳудудидан бемаҳалда ўтган йўловчилар ва автомобилларни махсус дафтарда рўйхатга олишади. Назоратчи ёшлардан Қосим Насимов, Дониёр Абдуллаев, Орзумурод Раҳмонов, Ойбек Эшназаров, Аъзам Тўрақуловлар каби 50 нафар жамоатчилар назорат масканида навбатчилик қилишади. Бу ишда маҳалла профилактика инспектори, майор Аббос Сирожев, МФЙ раиси Турсунқул Бобоқулов, котиба Меҳринисо Бемаева, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-аҳлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис Нодира Раҳматиллаева ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорлик қилишмоқда. Бу ҳамкорлик натижасида 2018 йилда маҳалла ҳудудида бирорта ҳам ҳуқуқбузарлик ҳолати юз бермади.
Маҳалла посбони, айни пайтда жамоатчилик тузилмаси раҳбари Собир Умирзоқов кўп йиллик хизмати эвазига “Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги” кўкрак нишони, “Конституцуиямиз 26 йиллиги муносабати билан “Энг яхши посбон” наминацияси бўйича Диплом ва қимматбаҳо совға билан тақдирланган.
Раббим ҲОТАМОВ.
Суратда: Килдон МФЙ посбони Собир Умирзоқов маҳалла фаоллари Саид Турдиев ва Тўлқин Бурлиевлар билан ўзаро суҳбатда.