Азалдан ота-боболаримиз, момоларимиз фарзандлари вояга етгач, қизлари бўй етган хонадонларга ташриф буюришган вақтда аввало, хонадоннинг кўча томони, ичкариси ва хоналар озодалиги, саришталигига асосий эътиборни қаратишган. Негаки, шунга қараб оиладагиларнинг тарбиявий, маънавий ва эстетик характерлари намоён бўлади. Сариштали хонадоннинг бўй етган қизлари ҳам сариштали, одобли ва маънан тарбия олган қизлар эканлиги хонадон ободлигида кўзга ташланади. Шу сабабдан ҳам кўпчилик шундай оилалар билан қуда-анда бўлишликни лозим топишган. Ҳозирда ҳам шундай.
Хўш, бугун маҳаллаларимиз хонадонларидаги санитария, томорқалардан унумли фойдаланиш, хонадон ободлиги бўйича амалга оширилаётган ишлар қай даражада? Бугуннинг талабларига жавоб берадими? Ушбу масалалар бўйича ҳукуматимиз томонидан “Обод қишлоқ” дастури ҳамда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш лозимлиги ҳақидаги Фармон ва қарорлар ишлаб чиқилиб, амалиётга тадбиқ этилмоқда. Бу мавзу бўйича газетамизда бир неча бор мақолалар чоп этилди, яхши ишлар мақталиб, камчиликлар танқид қилинди. Бироқ... камчиликлар ҳамон учраб турганлиги афсусланарли.
Кўчаларга, йўлакларга тўкиб ташланган қурилиш материаллари ва темир-терсакларни қўя турайлик, қишлоқ жойларда чорва молларининг йўл четларига кун бўйи куннниг жазирама, иссиқ пайтларида ҳам боғлаб қўйилганлиги, улардан таралаётган қўлланса ҳидларга аҳолининг чидаши амримаҳол. Шундай ҳолни туманимизнинг чекка ҳудуди саналмиш “Эсонтурди” маҳалласининг “Хўжамазгил” маҳалласи билан туташ ҳудудида учратдик. Ачинарлиси шундаки, бу қорамоллар боғланган жойга яқин жойда озиқ-овқат билан савдо қилувчи дўкон ҳам мавжуд. Бу эса санитария қоидаларига умуман тўғри келмайди. “Эсонтурди” маҳалласида яшовчи баъзи фуқаролар йўл ёқасидаги ўзларига тегишли бўлган ҳудудларни мунтазам тозалаб, дарахтларни оқлаб, шакл бериб, супуриб-тозалаш ўрнига чорва молларини чиқариб боғлаб қўйишаётганликларини қандай изоҳлаш мумкин? Маҳалла фаоллари ушбу фуқаролар билан тушунтириш-тарғибот ишларини ўз вақтида тўғри йўлга қўйишганларида эди, балки, бундай нохуш манзаралар юзага келмасмиди.
Маълумки, туманимиз марказида жорий йилда бир йўла иккита мажмуа - “Хотира ҳиёбони” ва “Фозил Йўлдош хиёбони” қурилиб, ишга туширилди. Ушбу мажмуаларнинг белгиланган вақтда ишга туширилишида туман ҳокими Б. Баҳромов шахсан ўзи бир неча кун шу ерда бўлиб, қурувчиларга амалий ҳамда руҳан кўмак бериб турди. Эндиликда туман аҳолиси дам олиш кунлари ва ишдан сўнг оила аъзолари билан бемалол ташриф буюришиб, хиёбонларда сайр қилишларига имконият яратилган. Лекин... Минг афсуслар бўлсинки, бугун бу ерга ташриф буюрган кишилар хотира майдонидаги хотира китобларининг учтасининг жилдлари баъзи ношуд кимсалар томонидан йўқ қилинганлигини кўриб таъби хира бўлиши тайин. Бундан ташқари ҳар икки хиёбон оралиғидан илгари транспорт воситалари ўтувчи йўл ҳозирда бетон тўсиқлар билан беркитилган. Эндиликда бу ердан транспорт воситалари ўта олишмайди. Бироқ... бу ердан турли хил матоҳлар, ичимликлар, озиқ-овқат сотувчилари ўрин олган. Хиёбон хиёбон бўлгунича қанчадан-қанча қурувчи ва мутахассисларнинг меҳнати, ҳукуматимизнинг катта-катта маблағлари сарфланди. Шуми уларнинг меҳнатига, ўтганлар хотирасига ҳурмат?
Туманимизнинг “Янгиариқ” маҳалласи ҳудудидаги “Райҳона” базмгоҳи бир неча йилдан буён маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатсада, катта автотрассадан кесиб ўтувчи фуқаролар хавфсизлиги таъминланмаган, пиёдалар ўтишлари учун “зебра чизиқ” чизилмаган. Бундан ташқари, “Райхона” базмгоҳининг рўпарасида, катта йўлнинг нариги четида йўлсозлар томонидан қурилган замонавий автобекат ишга туширилган эди. Бир мунча муддат ушбу бекатда бир тадбиркор савдо фаолияти билан шуғулланди. Баъзи бир сабабларга кўра ҳозир бу тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган. Ҳозирда эса бу бекатга бош суқиб бўлмайди. Баъзи номаълум кимсалар томонидан бекат хароб аҳволга келтирилган. Ундаги ўриндиқлар қўпориб олиб кетилган, шифтлари, эшик ва ромларидаги деярли барча ойналар синдириб ташланган, хона ичкариси эса турли хил ахлатлар билан тўла.
Бу каби киши таъбини хира қилувчи нохуш ҳолатларга деярли барча маҳаллалар ҳудудларида дуч келишимиз мумкин. Демоқчимизки, агар ушбу ҳудудларда истиқомат қилувчи ҳар бир фуқаро, у ёш бўладими, нуронийми, маҳалла фаолими барчаси бир бўлиб, кенгашиб иш юритишса, ўйлаймизки жойларда учраётган бундай нохушликларнинг ўз вақтида олди олиниб, барча ҳудудлар обод бўлиши шубҳасиз.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.