Туманимизда сув ресурсларини оқилона бошқариш бўйича маълум ишлар қилинмоқда. Хабарингиз бор, жорий йилда Зарафшон дарёсида сув танқислиги кузатилганлиги сабабли туманимизга ажратилган лимитга нисбатан кам сув олинди. Лекин, шу ажратилган сувни исрофгарчиликларсиз ишлатиш тўғрисида алоҳида назорат ўрнатдик. Сув танқислигини юмшатиш мақсадида суғориш каналларида навбат билан суғориш ишларини йўлга қўйдик. Натижада, туманимиздаги 29.728 гектар суғориладиган ер майдонига экилган 6290 гектар ғалла, 4315 гектар сабзавот, 1537 гектр озуқабоп экинлар, 7021 гектр боғ ва ток, 4865 гектар томорқа ҳамда 5000 гектар бошқа экинларнинг вақтида суғорилишига эришдик.
Экинларнинг вақтида сувни нес нобуд қилмасдан, ариқда исроф бўлишининг олдини олиш албатта, ариқ-зовурларнинг нечоғлик тозалигига боғлиқ. Бу борада ҳам тизимли ишлар амалга оширилди. Хусусан, туманимиздаги Янгибеш, Қораариқ, Оқариқ ҳамда Четариқ каналларидаги 96 та гидротехник иншоотларида 73,8 млн. сўмлик, 139 та гидропостларда 49,8 млн. сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. 13 км. каналларни механизм билан тозалаш ишларига 112 млн. сўмлик харажат сарфланди.
Бундан ташқари, Бешқўтон МФЙ ҳудудидаги Ботбот каналининг 24 км.ли қисми 2021-2022 йил давлат Дастурига киритилган бўлиб, шу кунгача “Булунғурмахсуссувпудрат” МЧЖ томонидан 5,8 км. қисмида таъмирлаш ишлари бажарилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” Дастурига киритилган Хўжамазгил МФЙ ҳудудидаги 2 км. ариқ ҳамда зовурлар ва Мингтепа МФЙ ҳудудидаги 2 км.ли лоток ариқлари ҳашар йўли билан тозаланиб, таъмирланди.
Томчилатиб суғориш ва буни амалга оширишда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш энг тўғри йўл эканлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Туманимизда 2021 йилгача 1600 гектар майдонда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилган бўлса, 2021 йилда 1600 гектар майдонга сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш режалаштирилган. Жумладан, Ғўбдин массивида фаолият юритаётган “Метин ГРУП Имоэкс” МЧЖ томонидан 1000 гектар озуқабоп экин майдонларида ёмғирлатиб суғориш йўлга қўйилди. “Иброҳим Халил” МЧЖ томонидан 50 гектар боғ, Дўстлик массивидаги “Қобил Самарқанд грен гарден” МЧЖ томонидан 16 гектар боғ, “Самарқанд Гарден Пласт” МЧЖ томонидан 280 гектар боғ ва “Бешкуви массивидаги “Агро фаровон” МЧЖ томонидан 45 гектар сабзавот экин майдонларида томчилатиб суғориш ишлари йўлга қўйилди.
2022 йилда 1200 гектар майдонда, яъни 900 гектар ток ва 300 гектар боғ майдонларига замонавий сув тежовчи технологиялари жорий қилиш режалаштирилган. Бу сувга бўлган талабни тўла қаноатлантиришга имкон беради.
А.ХУДОЙҚУЛОВ,
туман Ирригация бўлими бошлиғи.