«КУМУШ ТОЛА„НИ ЁНҒИНДАН АСРАЙЛИК
Давлатга режадаги пиллани етказиб бериш учун маҳаллаларимизда яшовчи фуқаролар хонадонлари ипак қуртини парваришлаш мавсумни бошлаб юбордилар. Ипак толасини етиштириш давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш муҳим аҳамият касб этади.
Чунки, машаққатли меҳнат эвазига боқилиб етиштирилган ипак қурти эҳтиётсизлик оқибатида содир бўлган ёнғин туфайли бир неча дақиқада нобуд бўлиши мумкин. Бундай ноҳуш ҳодисаларнинг олдини олишга ҳар бир пиллакорлардан ўта эҳтиёткорлик ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилиниши талаб этилади.
Пиллакорларимизга ипак толани етиштириш даврида амал қилишлари лозим бўлган асосий қоидаларни эслатиб ўтамиз:
-ипак қурти боқилаётган хонадонларда иситиш печлари ҳамиша соз ҳолда, мўрилар тозаланган бўлиши шарт. Печларни бензин, керосин, дизел ёқилгилари билан ёқиш ман этилади;
-қурт боқиладиган барча хонадонларда электр симларидан, электр токидан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш шарт, электр чироқларида ҳимоя плафонлари ўрнатилган бўлиши лозим. Вақтинчалик тортилган электр симлардан фойдаланиш, очиқ спиралли электр иситгичлардан фойдаланиш ман этилади;
-газ билан иситиладиган печларни болаларга ишониб қолдирмаслик, печ яқинида сўриларни жойлаштирмаслик, жўмраклардан сизиб чиқадиган газларни дарҳол мутахассислар ёрдамида бартараф этиш чораларини кўриш, газ ёқиладиган хонада шамоллатиш тизимларини ўрнатиш талаб этилади;
-ипак қурти боқилаётган хоналарга иситиш печи табиий газ ёқиш учун резинали ичак орқали фойдаланиш ман этилади.
Пилла боқиладиган хона бирламчи ёнғин ўчириш воситалари — 100 литр идишда сув, белкурак ва қум билан таъминланган бўлиши шарт.
Юқорида айтиб ўтилган ва қийин бўлмаган кўрсатмаларга астойдил амал қилсак, ‚кумуш тола‚ни етиштириш, қайта ишлаш ва сақлаш даврида ёнғин хавфсизлигини тўла таъминлаган бўламиз.
Дилмурод ЖАББОРОВ,
туман ФВБ бошлиғининг ўринбосари,
профилактика ва назорат бўлинмаси бошлиғи,
катта лейтенант.
туман ФВБ бошлиғининг ўринбосари,
профилактика ва назорат бўлинмаси бошлиғи,
катта лейтенант.