Қиш кунлари об-ҳаво совуши туфайли кўпчилик фуқаролар хонадонларда турли турдаги қўлбола иситиш воситалари - электр печлари, пропан газ баллонлари билан иситиладиган печлардан ҳам фойдаланишади. Айрим фуқаролар эса ўзлари истиқомат қиладиган уйларининг ичига пропан газ баллонларини киритиб олишади. Бу - хавфсизлик қоидаларига мутлақо зид.
Жорий йилнинг ўтган ўн ойи даврида турли сабабларга кўра 45 та хонадонда ёнғин содир бўлган. Ушбу жабр чеккан хонадон эгалари ҳам моддий, ҳам маънан катта зарар кўришди. Қиш кунларида мана шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг барвақт олдини олиш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида нафақат ҳафтанинг ҳар чоршанбаси“Ёнғин хавфсизлиги куни”да, балки, бошқа кунлари ҳам Ёнғин хавфсизлиги масъул ходимлари тумандаги барча маҳаллаларда уйма-уй юришиб, аҳолига хонадонларни иситишда белгиларган меъёрларга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда фойдаланишлари уқтирилмоқда. Вояга етмаган ёшларнинг иситиш печларидан фойдаланишларига йўл қўймасликлари тушунтирилмоқда. Мақсад, қишли-қировли кунларни хавфсиз ўтказишдан иборат.
Дилмурод ЖАББОРОВ,
туман ЁХБ инспектори, лейтенант.