Саноатбоп узум тайёрлаш ва уни қайта ишлашда республика миқёсида Булунғурнинг муносиб ўрни бўлган. Аммо кейинчалик бу соҳанинг эътибордан четда қолиши, маҳсулотни қайта ишлаш технологияларининг эскириши натижасида узумчилик бўйича шуҳрат йўқола борди.
Кейинги йилларда юртимиз қишлоқ хўжалиги соҳасида рентабелли йўналишларни ривожлантириш, ҳар бир қарич ердан самарали фойдаланишга жиддий эътибор қаратилиши, муҳими, бу борада давлат томонидан бир қатор имконият ва имтиёзлар яратилиши Булунғурда узумчилик анъаналарини тиклашга туртки берди.
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир маҳалланинг ўсиш нуқталари белгиланганда туманимиздаги Чўянтепа, Авлиё Парпи ва Чорбоғ маҳаллаларида узум етиштириш асосий драйвер сифатида қайд этилди, - дейди Булунғур туман деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Аслиддин Пўлатов. - Бу маҳаллалардаги деярли ҳар бир хонадонда узум етиштирилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг асосий фаолияти тури ҳам шу соҳага йўналтирилган. Ушбу маҳаллалар тажрибаси бошқаларга ҳам ибрат қилиб кўрсатилади ҳамда мавжуд шарт-шароит ва имкониятлар ҳисобга олиниб, яна ўн маҳаллани узумчиликка ихтисослаштириш бўйича чора-тадбирлар белгиланганди. Шунингдек,, яқинда давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда узумчиликни ривожлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар асосида туманимизда 3 минг гектар майдонда саноатбоп кишмиш ва хўраки узум экиладиган бўлди. Шу йўналиш бўйича 4 та кластер ташкил этилади.
Туманнинг Чорбоғ маҳалласида 3400 аҳоли истиқомат қилади. Бу ердаги 600 га яқин хонадоннинг ҳар бирида узум етиштирилади ва оилаларнинг асосий даромади шу неъмат ҳисобидан.
Маҳалла раиси Вахоб Шукуровнинг айтишича, аҳоли азалдан шу иш билан шуғулланади. Шу пайтгача одамлар ўз ҳовлисида ёки фермер хўжалиги ерларида токни ерда ўстирган, шпаллер усулида парваришлаган бўлса, кейинги йилларда ишком қилиб мўл ва сифатли ҳосил олишга эришмоқда.
Жумладан, шу маҳаллада яшовчи Султон Пардаев 25 сотихлик токзорини ишкомга айлантириб, ҳар йили 10 тоннагача ҳосил олмоқда.
-Бу узумзорлар деярли менинг ёшим билан тенг, - дейди Султон аканинг фарзанди, 29 ёшли Сардорбек Маматқулов. - Бобом эккан бу токларни отам билан бирга парваришлаяпмиз. Рўзғоримиз шу меҳнатимиз ортидан ўтади, орзу-ҳавасларимизга ҳам узум, майиз етиштириш орқали эришамиз. Илгари бу токлар симга тортилган эди. Кейин водий вилоятларига бориб, ишком усулида етиштириш тажрибасини ўрганиб келдик ва токзоримизни ишкомга айлантирдик. Бу усулда ҳосилдорлик анча юқори бўлар экан, узумнинг сифати ҳам анча юқори. Муҳими, ишком токка ишлов бериш, турли касалликлардан асрашда жуда қулай экан.
("Зарафшон" газетасидан олинди)