1931 йил 5 декабрда Булунғур тумани тарихида, маданий-сиёсий тарихида ажойиб воқеа содир бўлди. Бу - туман рўзномаси ташкил этилиб, биринчи сони босмадан чиққанлиги бўлди. 2021 йил 5 декабрь куни шу қувончли воқеага 90 йил тўлади.
Газетани “Давр солномаси” дейишади. Шу боисдан туманимиз рўзномасини хақли равишда Булунғур туманининг тарихи дейиш мумкин. Буни 90 йил мобайнида чоп этилган газета тахламлари билан яқиндан танишган кишилар билишади. Дастлаб “Колхозчилар байроғи” номи билан чиққан биринчи сонидаёқ ўша даврнинг руҳи яққол сезилиб туради. Рўзноманинг ўттизинчи йиллардаги тахламларини варақлайдиган бўлсангиз, илғор тажрибалар, меҳнатда қўлга киритилган муваффақиятлар ҳақидаги мақолаларни кўплаб учратасиз. Шунингдек, биринчи сонидаёқ “Тошбақа” рукни билан танқидий мақола босилган.
Рўзнома номи 1933 йилда “Колхоз ҳақиқати”, 1962 йилда “Коммунист” деб ўзгартирилган. 1991 йилнинг октябрь ойидан бошлаб эса халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши қарорига асосан “Булунғур ҳаёти” номи билан нашр қилинмоқда. 90 йил мобайнида рўзномага нафақат туманда, балки вилоятда ҳам ўз ўрнида маданиятли ва маърифатли зиёли инсонлар муҳаррирлик қилишган. Бугунги кунда уларнинг порлоқ хотираларини ёдга олиш бурчимиз деб биламан. М.Мадумаров (1931-1933 йй.), Г.Ҳасанов (1933 й), Б.Баҳодиров (1934 й), В.Головашенко (1935 й), Т.Ширинов, В.Рўзиметовлар (1937 й), М.Муродов, Н.Шакаров, Г.Алимов, А.Маҳрамқуловлар (1938-1939 йй.), О.Ғозиев (1932-1942), Э.Узоқов (1952-1960 йй.), К.Каримов (1960-1962 йй.), Э.Узоқов (1962-1976 йй.), Й.Отамуродов (1976-1994 йй.) муҳаррирлик қилишган. Туманимиз маданий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган бу инсонлар ёди ҳамиша қалбимизда мангу қолади.
Шунингдек, рўзноманинг сифатли ва ўқимишли чиқишида махсус ва жамоатчи мухбирлар А.Абаев, Б.Пирназаров, Б.Бердалиев, А.Убайдуллаев, О.Ҳусанов, О.Таниев, М.Нематов, С.Қўшмуродов, А.Қодиров, Н.Қулбоев ва Ф.Умирзоқовалар каби фидойи инсонларнинг меҳнати катта бўлган.
Рўзнома биринчи сонидан бошлаб ўз олдига қўйилган вазифаларни кўнгилдагидай бажариш, халқимизга хизмат қилиш учун ҳаракат қилган бўлса, бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча соҳалардаги ислоҳотларни халққа етказишда, нафақат етказишда, балки ислоҳотларнинг бажарилишини таъминлашда ҳам газета ўзининг долзарб мақолалари билан хизмат қилиб келмоқда. Тўғри, бундан 4-5 йил олдин оммавий ахборот воситаларига эътибор сусайган эди. Лекин, бу соҳага ҳам эътибор жонланди. Буни биргина бизнинг “Булунғур ҳаёти” газетасида ҳам кўриш мумкин. Бугунги кунда таҳририятимиз ўзининг замонавий биноси, хизмат машинасига эга. Ходимларнинг ижод қилишлари учун барча қулайликлар яратилган. Хоналар замонавий мебеллар, ходимлар эса энг сўнгги орг-техникалар билан таъминланган. Бу яратилган шарт-шароитлар “Булунғур ҳаёти” газетасининг замон талабига мос ҳолда, тўлақонли фаолият юритишларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Таҳририят ходимлари газетани янада сифатли, ўқимишли, халқчил мақолалар билан бойитишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Хусусан, туманизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ижроси, тумандаги барча соҳалар бўйича энг сўнгги хабарлардан воқиф қилиш билан бирга кундалик ҳаётимизда учраб турадиган салбий ҳолатлар, иллатлар тўғрисида танқидий мақолалар чоп этилмоқда. Газета саҳифаларида янги рукнлар ташкил этилиб, газетхонлар кўплаб мавзулар билан чуқурроқ танишиш имконига эга бўлишмоқда. Бунда газетамизнинг П.Чўмбоев, Т.Шербоев, Р.Ҳотамов, М.Суюнова каби журналистлари, Н.Абдураҳманова каби жонкуяр ходимларнинг ҳиссаси катта бўлмоқда. Шунингдек, Ҳ.Маҳмудов, Р.Бердалиев, М.Нематов, Т.Элчиев, С.Жалилов, С.Алибоев каби фидойи жамоатчи мухбирларимизнинг меҳнатини алоҳида эътироф этмоқчиман. Газетанинг янада сифатли чиқиши учун ҳали олдимизга қўйган мақсадларимиз бор.
Албатта, мақсадларимизнинг амалга ошишида халқимизнинг, газетхонларимизнинг мақсадига таянамиз. Сабаби - барчамиз бир мақсад йўлидамиз. Рўзномамиз эса, ҳаммамизники.
Пайтдан фойдаланиб туманимизнинг барча муштарийларини “Булунғур ҳаёти” газетасининг 90 йиллиги байрами билан таҳририятимиз номидан табриклайман. Барчамизни сиҳат-саломатлик тарк этмасин. Улуғ мақсадларимизнинг ҳаммаси амалга ошаверсин.
Ғулом ЎРОЛОВ,
“Булунғур ҳаёти” газетаси муҳаррири