Туманимизнинг 55 та маҳаллаларининг қалби қайноқ фуқаролари айни долзарб кунларда ихтиёрий равишда қўшни Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги “Самарқанд” ММТП га қарашли “БМБ Агро ТРАДЕ” фермер хўжалиги пахтакорларига миллий бойлигимиз бўлган “оқ олтин”ни тез ва тоза териб олишда ҳашар тариқасида катта ёрдам беришмоқда.
- Ҳашарчи теримчиларимизга қулай шароитлар яратилган, - дейди 1-отряд бошлиғи, “Қирқ шоди” МФЙ раиси Мамарасул Яқубов. - Отрядимиздаги “Каптархона”, “Саховат”, “Каттақишлоқ-1”, “Мирзаариқ”, “Қирқшоди” МФЙлари фуқаролари билан биргаликда “А Махсумов” ММТП агофирмасига қарашли фермер хўжаликларининг 20 нафардан ортиқ ишчилари бир ёқадан бош чиқариб, улкан хирмон юксалишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Ҳасан Норбеков бошлиқ 2-отрядга бирлашган “Килдон”, “Сайилтепа”, “Чорбоғ”, “Хўжамазгил”, “Кичик Килдон”, “Чўянтепа” ҳамда А.Навоий ММТП агрофирмасига қарашли фермер хўжаликларининг 30 нафарга яқин ишчилари билан биргаликда уйган пахта хирмонимиз 100 тоннадан ошиб кетди. Пахтани тез ва тоза териб олишда илғор теримчиларимиздан Ойдин Бегимқулова, Нодира Раҳматуллаева, Норбуви Холмуродова, Малоҳат Раупова кабилар кунига 110, 120, 130, 140 килограммгача пахта териб, кўпчиликка ўрнак бўлишди.
- Терган пахтамизнинг ҳар килограмми учун кунига 950 сўмдан ҳисоблаб, 90 мингдан 120 минг сўмгача нақд пул олаяпмиз, - дейди илғор теримчилардан бири, “Қирқшоди” МФЙни фуқароси Малоҳат Раупова. - Биз теримчилар учун яхши шароитлар яратилган. Маҳаллий аҳолининг энг яхши хоналари ва “Ғофур ота” базмгоҳи бизнинг ихтиёримизда. “Қўли ширин ошпаз” деб ном олган Лола Деҳқонованинг пиширган мазали таомлари бизга куч-қувват бағишлаяпти. Кечки дам олиш пайтларида маҳаллий ҳаваскор хонанда ва созандалар ўзларининг шўх куй ва қўшиқлари билан мириқиб ҳордиқ чиқаришимизга ёрдам беришмоқда.
Яқинда, туманимиз ҳашарчиларини рағбатлантириш мақсадида туман ҳокимлиги, Ўз ХДП туман Кенгаши, “Миллий тикланиш” демогратик партияси туман Кенгаши ва “Нуроний” жамғармаси туман бўлими билан бирга миллий бойлигимиз бўлган пахтани териб олишга муносиб ҳисса қўшаётган илғор теримчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди. Совғаларни ЎзХДП туман Кенгаши референти Мамашариф Неъматов, “Миллий тикланиш” демогратик партияси туман Кенгаши раиси Алижон Шокиров, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими бошлиғи ўринбосари Қаюм Хушвақтовлар топширишди.
Туман Маданият ва спорт бўлими хонанда ва созандалари шўх куй ва қўшиқлари ҳамда қизиқарли саҳна кўринишлари билан ҳашарчи-теримчиларга завқ улашди.
Раббим ҲОТАМОВ.