Туманимиз ҳашарчилари шу кунларда қўшни Жиззах вилоятининг Арнасой тумани пахтакорлари етиштирган пахтани териб олишда яқиндан ёрдам беришмоқда. Туманимиз марказидан 200 километр узоқликдаги “Фарғона-15” хўжалиги пахтазорларида кўп қатори мен ҳам пахта тердим. Бу ерда биз ҳашарчилар учун маҳаллий аҳолининг энг яхши хонадонларида зарур шароит яратилган. 3 маҳал иссиқ овқат берилади, дам олиш хоналари ҳашарчилар ихтиёрида. Тоза ҳаво - танга даво, соф ҳавода пахта теришнинг гашти бўлакча. Эрта тонгдан кеч шомгача 70-80, ғайрат қилсак 90-100 килограммдан пахта терамиз. Кечки овқатдан сўнг мириқиб дам олишимизга кўмаклашадиган маҳаллий ҳаваскорлар ўзларининг шўх куй ва дилрабо қўшиқлари билан қалбларга қувонч бағишлашмоқда. Шу пайтнинг ўзида теримчиларга терган пахтасига яраша 80 мингдан 100 минг сўмгача нақд пул тарқатилади. 10 кун давомида теримчилар 1 миллион сўмгача нақд пул ишлашди.
Пахтазор - мардлар майдони, деб бежиз айтилмаган. Бу ерлар иш излаб юрганлар учун анча қулай жой экан.
Туманимиз марказидаги “Булунғур”, “Дўстлик”, “Гулистон”, “Истиқлол”, “Улуғбек”, “Янгиқўрғон” МФЙларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари Арнасойлик пахтакорларнинг пахта хирмонига муносиб ҳисса қўшдилар.
10 кунлик терим якунига кўра “Гулистон” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Ҳулкар Юсупова ва мен илғор теримчилар сафидан жой олдик.
Лола АШИРОВА,
“Булунғур” МФЙ хотин-қизлар билан ишлаш
ва оилаларда маънавий-ахлоқийқадриятларни
мустаҳкамлаш бўйича мутахассис.