Соҳибкор Маданият ва аҳоли дам олиш маркази ҳовлиси байрамона безатилган. Туман ҳокимлиги, маданият бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, маданият ва маърифат маркази туман бўлими, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, халқ таълими ва мактабгача таълим бўлимлари ташаббуси билан ташкил этилган бу байрамга эрта тонгданоқ шўх мусиқа садолари остида мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрамини қувонч билан кутиб олиш учун “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган байрам тантаналарида иштирок этиш мақсадида Соҳибкор, Бўдана, Оқтош, Эрганакли, Нурли йўл, Гулзор, Мингчинор маҳаллалари фаоллари билан бирга 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган нуронийлар, хотин-қизлар, уюшмаган ёшлар, мактаб ўқувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ва тарбияланувчилари, қўшни Жиззах вилоятининг Бахмал туманидан меҳмонлар ташриф буюришди.
Шоду-хуррамлик билан кутиб олинган бу байрам билан туман ҳокимининг ўринбосари Бекзод Ильчиев, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш туман Кенгаши раиси ўринбосари Абдунаби Маллаев, Оқтош МФЙ фуқароси, меҳнат фахрийси Давлат Қаршибоевлар тадбир иштирокчиларини улуғ байрам билан қизғин табрикладилар. Тадбир давомида маҳаллий бадиий ҳаваскорлар томонидан ижро этилган шўх куй ва қўшиқлардан завқ олишган тадбир иштирокчилари рақсга тушишиб, ҳаваскор хонандалар билан бирга она Ватан ҳақидаги қўшиққа жўровоз бўлишди. “Чавқи” фольклор-этнографик халқ ансамблининг кекса авлоди ижросидаги халқ қўшиқлари ҳам барчага манзур бўлди.
- Бу улуғ байрам тантанасида Бўдана маҳалласида яшовчи, вояга етмаган, имконияти чекланган 12 ёшли ногирон рассом ва шоир Шоҳрух Хушмуродовнинг она Ватан ва табиатнинг бетакрор манзаралари тасвири акс эттирилган, ўзбек халқ эртаклари қаҳрамонлари ифодаланган расмлари кўргазмаси байрам иштирокчиларида катта таассуротлар қолдирди, - дейди “Чавқи” фольклор-этнографик халқ ансамбли раҳбари, “Шуҳрат” медали соҳиби Эшбек Номуратов. – Шунингдек, Шоҳрухнинг ўзи ёзган “Аждодларимиз” шеъри ҳам барчага маъқул бўлди. У қалбидан отилиб чиққан ажойиб сатрлар билан байрам тадбири иштирокчиларини қизғин табриклади.
Оқтош маҳалласи фуқароси, “Чавқи”нинг кекса авлод вакилларидан бири, ўз даврида Москвагача бориб “Чавқи” ансамблининг довруғини оламга достон қилган 77 ёшли Суюн бобо Норбеков ўзбек халқ термаларидан тўқилган қўшиқларни ижро этиб, ҳаммани даврага, ўйинга чорлади.
- Ота-боболаримиз орзу қилган бундай ажойиб замонда болаларимиз, невара-ю-чевараларимиз билан тинч ва осойишта яшаётганимизнинг ўзи биз учун катта бахт, - дейди Суюн бобо Норбеков.
Байрам тантаналари давомида кексалар ва ёшлар спортнинг шахмат-шашка турлари бўйича ўзаро мусобоқалашдилар.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров, туманимизнинг таниқли хонандаларидан Валижон Эркабоев, Клара Аҳророва, Насиба Алиева, Шамсиддин Юсуповларнинг шўх куй ва қўшиқлари байрам иштирокчиларига манзур бўлди.
Раббим ҲОТАМОВ.