Шаҳар ва қишлоқлар ҳудудларида эрта баҳордан йўл бўйлари, кўча четлари, хиёбонлар, далалардаги экинзорлар ва ариқлар атрофлари, боғлардаги муддатини ўтаб бўлган дарахтлар ўрнига, шунингдек, муассаса, ташкилот ва корхоналар биноларининг атрофлари ҳамда бошқа бўш ётган ерларга манзарали дарахт кўчатлари қадаш ишлари март-апрель ойларида ёппасига бошланади. Ёшу-қари биргаликда мевали ва манзарали дарахтлар кўчатлари ўтқазиш ва гул уруғлари, қаламчалар қадаш ойлиги ишларида фаол иштирок этишади. Жорий йилда ҳам туманимизда фуқароларимиз, ташкилот ва корхоналар аъзолари, туман ободонлаштириш бўлими ва ҳомий ташкилотлар маблағлари ҳисобига бир неча миллион сўмлар эвазига минглаб туп дарахт ва гул кўчатлари олиб келиниб, керакли жойларга экишга муваффақ бўлинди. Бундай хайрли ва эзгу ишлар деярли ҳар йили такрорланади. Шундай экан, бир ўйлаб кўрайлик. Агарда ҳар йили туманимиз ҳудудига минглаб туп мевали ва манзарали ҳамда иҳота дарахтлари, гул кўчатлари ўтқазилаётган экан, унда нега шу пайтгача туманимиз боғу-бўстонга айланиб кетмади? Нима учун ҳар йили қайта-қайта дарахт ва гул кўчатлари ўтқазилаяпти?! Парвариш кўрмаган дарахт кўкармаслиги барчамизга маълум-ку! Ҳар йили ўн миллионлаб пулимиз ҳавога соврилаётгани-чи?!
Ўтган асрнинг ўрталарида “Ғўбдин” ва “Булунғур” агрофирмалари ҳудудидаги “Ғўбдин” тоғ этакларига минглаб гектарларга қишли-қировли кунларда туманимиз аҳолисининг яшаш масканларини, қишлоқларни, кўчалар ва йўлларни қор уюмлари ва кўчкиларидан сақлаш мақсадида вилоят ўрмон хўжалиги ташкилоти томонидан иссиқ ва совуққа, жазирамага, сувсизликка чидамли бўлган иҳота ва ёввойи мевали дарахтлар ўтқазилиб, кўплаб фидойи меҳнаткашларнинг заҳматли меҳнатлари эвазига вояга етказилган эди. Вояга етган ушбу дарахтлар бир неча ўн йиллар кўкариб, яшнаб турди. Йўлдан ўтган йўловчилар, деҳқонлар унинг соясидан, мевасидан баҳраманд бўлишди. Ҳозир эса ушбу тоғ олди ҳудудларидаги юзлаб гектар майдонни эгаллаган “яшил йўлакча”лардан асар ҳам қолмаган. Яқин ўн-ўн беш йил ичида шу атрофда яшовчи маҳаллий аҳоли томонидан “яшил йўлакча”лардаги минг машаққатлар эвазига етиштирилган иҳота дарахтлари аёвсиз қирқилиб, қиш кунларида ўтин сифатида печларда ёқилиб кетди ёки бозорларда сотиб юборилди. Ҳаттоки, дарахтлар тугагач унинг илдизлари ҳам ковлаб олиб кетилди. Туманимиз ҳудудидан ўтган “Самарқанд - Тошкент” автомагистрал йўлининг ҳар икки томонида ҳам қарийб ўн беш километр узунликдаги майдони ихота дарахтлари билан ҳимояланган. Бироқ... кейинги йилларда назоратнинг сустлиги сабабли ушбу ҳудудда ҳам маҳаллий аҳоли ва турли фуқаролар томонидан дарахтларни кесиб кетиш, нобуд қилиш, чорва молларини боқиш орқали дов-дарахтларга зиён етказиш ҳолатлари кузатилмоқда. Мана сизга ўсимлик дунёсига, наботот оламига, яшилликка, боғ-роғларга, она табиатга бўлган муносабат.
Маълумотларга қараганда Осиё давлатларидан бирида бир туп дарахтни рухсатсиз кесган фуқарога ўта оғир жазо тайинланар экан. Бизда ҳам экология хавфсизлигига оид нормалар ва талабларни бузганлик, экинзор, ўрмон ёки бошқа дов-дарахтларга шикаст етказиш ёки уларни нобуд қилиш; ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш каби ноқонуний ҳаракатлар учун қонун нормалари асосида тегишли жазолар белгиланган.
Маълумки маҳаллий, кўзга кўринарли арча кўчатининг бугунги кундаги бозор нархи ўртача 50-100 минг сўм. Хориждан келтириб ўтқазилаётган арча кўчатларининг бир тупи ҳозирда 1.000. 000 сўмгача сотилмоқда. Қишин-ёзин бир хилда яшнаб турувчи арча дарахтининг сувсизликка, иссиқ ва совуққа чидамлилиги, атроф-муҳит ва табиатдаги барча жонзотлар, шу жумладан инсониятга ҳам жуда кўп манфаатли томонлари бор.
Бу йил баҳорда туман Ободонлаштириш бўлими, ташкилотлар ва корхоналар жамоалари, ҳомийлар томонидан шаҳар кўчалари четларига бир неча миллион сўмлар эвазига экилган минглаб туп арча ва гул кўчатларининг аксариятининг бугунги кундаги ҳолига маймунлар йиғлайди. Кўриб ачиниб кетасан киши. Айниқса, шаҳримизга кираверишда “Жомбойдон” ОАЖ Булунғур филиали, Булунғур “Агротехсервис“ МТП МЧЖ, “ Агрокимёҳимоя” АЖ Булунғур филиали ва бошқа шу қатордаги бир қанча аҳолига турли хизматлар кўрсатиш биноларининг кўча тарафларига экилган арча кўчатлари айни пайтда хароб аҳволда. Тўғри, арча иссиқ ва совуққа чидамли. Лекин... бу дегани арча бутунлай сувсиз ҳам яшай олади дегани эмас. Бошқа дарахт ва ўсимликлар сингари арча дарахти ҳам вақти-вақти билан суғориб турилиши, шакл берилиши, илдиз атрофлари юмшатилиб, оқланиб, парвариш қилиб турилиши лозим. Мавжуд кўчатларни парваришлаб, назорат қилишни ўз зиммаларига олган юқоридаги идоралар ишчи-ходимларининг масъулиятсизликлари сабабли ёз ўтиб, саратоннинг жазирамасида қаровсиз қолдирилган, суғорилмаган, атрофлари ёнтоқ босиб ётган, қачонлардир чопилган ёнтоқлар ҳалигача олиб кетилмаган ушбу ҳудудлардаги юзлаб туп арча кўчатлари кўкармай туриб қуриб, қовжираб, сарғайиб, бир тутам ўтин ҳолига келиб қолган. Энг ачинарлиси, бу йўлдан ҳар куни туманимиз марказига қанчадан-қанча меҳмонлар ташриф буюришади, темир йўл орқали тезюрар поездларда ҳар куни юзлаб сайёҳлар, меҳмонлар ўтишади. Бундай нохуш манзараларнинг гувоҳи бўлишган сайёҳлар ва меҳмонларда бизга нисбатан қандай фикр уйғониши ҳаммамизга маълум. Ахир, парвариш кўрмаган дарахт кўкармайди-да! Ҳар йили ўн миллионлаб пулимиз ҳавога соврилаётганига нима дейсиз?!
Туманимизнинг бошқа ҳудудларидаги кўча четларига экилган арча ва бошқа дарахт кўчатларининг ҳолати ҳам мақтагулик даражада эмас. Шаҳримиз марказидаги яқинда фойдаланишга топширилган “Хотира майдони” ҳудудига туман Ободонлаштириш бўлими ишчи-ходимлари томонидан анвойи гул кўчатлари ва яшил майсалар экилган эди. Шу масканни “макон” қилиб олган турли хил озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат, яхна ичимликлар сотувчи “тадбиркор”лар ва ўткинчи фуқаролар томонидан гуллар ва дарахт ниҳоллари босилиб, пайҳон қилинмоқда. Қачонгача энди униб чиқаётган майсаларга, экилган гул ва дарахт кўчатларига беписанд муносабатда бўламиз? Шаҳримиз ва туманимизнинг турли жойларида учраётган бундай нохуш манзараларга барҳам бериш бурчимиз-ку.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг мухбири.